Партия ҳунармандлар ўртасида танлов ўтказди
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан “Миллий истиқлол ва қадриятлар тараннуми” мавзусида ҳунармандлар ўртасида кўрик-танлов ўтказди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда туман Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши масъуллари, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси вакиллари, ҳунармандлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
[gallery-3615]
Кўрик-танловда Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди ҳунармандлари кандакорлик, миниатюра, ўймакорлик, наққошлик, сополга гул чизиш, сандиқчилик, чармчилик, заргарлик, каштачилик каби йўналишларда ўз ижодий ишлари, санъат асари даражасидаги қўл меҳнати намуналари билан қатнашди.
–Ушбу танлов йўқолиб бораётган миллий ҳунармандчилик намуналарини сақлаб қолиш, бойитиш ва келгуси авлодга етказиш, “Устоз ва шогирд” анъаналари давомийлигини таъминлаш, ёш ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, меҳнатларини муносиб эътироф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятли, - деди тадбирда сўз олган МТДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Отабек Жиянбаев. – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди ўртасида имзоланган меморандум бу каби тадбирлар ва кўплаб амалий ишларга замин бўлаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Ҳунарманд Убайдулло Қосимов кўрик-танлов ғолиби бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Шорасул Шоаҳмедов ва Оятуллох Мадалиевларга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Муҳаммад АМИН олган (сурат), ЎзА