Партия фаолияти: таҳлил ва натижа
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг пленуми бўлиб ўтди.
Партиянинг Тошкент вилояти кенгаши ўтган давр мобайнида ўз фаолиятини 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ олиб борди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 10 га яқин партия лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилди.
Жумладан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари ва партия фаоллари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатди.

Ҳисобот даврида ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича жами 220 та маҳаллада учрашувлар ўтказилиб, 2204 та хонадонда суҳбатлар ташкил этилди. Шунингдек, 627 та ижтимоий объектда ўрганишлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида фуқаролардан 334 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларни ижобий ҳал этиш мақсадида депутатлик сўровлари чиқарилди. Шундан 59 та депутатлик сўровларининг ижроси бажарилди.
“Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш мақсадида 121 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Шундан 49 нафарини ёшлар, 72 нафарини аёллар ташкил этади.
Ўтган йил давомида партиянинг иш режаси ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ишлаб чиқилган медиа режа асосида кўзда тутилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга кўпроқ эътибор қаратилди.
Энг муҳими, бугунги кун депутатлари мунтазам равишда аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда. Пандемия шароитида жамият ҳаётида амалга оширилаётган муҳим ишлар депутатлардан янада фаоллик талаб этмоқда.
Н.Насриев, ЎзА