Паррандачилик – етти хазинанинг бири
Таъкидлаш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев 21 январь куни паррандачиликни ривожлантириш ва яйловлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Бу тармоқлар аҳолини озиқ-овқат хавфсизлиги ва арзонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Сўнгги йиллардаги шароитлар ва лойиҳалар натижасида маҳсулдорлик изчил ошиб бормоқда. Бу суръатни давом эттириб, жорий йилда 1 миллион тонна парранда гўшти, 10 миллиард 500 миллион дона тухум етиштириш мўлжалланган. Экспортни 2 карра ошириб, 180 миллион долларга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Паррандачилик бежизга етти хазинанинг бири дейилмайди. Ушбу тармоқ билан шуғулланган тадбиркорлар тез фурсатда унинг фойдасини сезади. Чунки товуқнинг тухумидан тортиб гўштигача севиб истеъмол қилинади. Ҳатто патидан ҳам текстил соҳасида фойдаланилади.

Шу боис бугунги кунда паррандачилик истиқболли ва чорвачиликдаги асосий йўналиш экани тан олинади. Чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишида асосий аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига ҳисса қўшади.
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида ҳам паррандачилик йўналиши бўйича бир қатор истиқболли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманнинг “Янги Миришкор” ҳудудидаги “Лазиз паррандачилик” корхонасида 5 мингдан ортиқ товуқ етиштирилмоқда.
Фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмаган тадбиркор аллақачон даромадга кирган ва фаолиятини янада кенгайтириш пайида. Миришкор тумани ҳокими Файзулло Ғуломов мазкур корхона фаолияти билан танишиб, тадбиркор билан суҳбатлашди. Туман раҳбари паррандачилик нозик, бироқ шу билан бирга сердаромад соҳа эканлигини таъкидлади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири