Парламентда ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Ёшлар куни” доирасида Тошкент давлат юридик университети талабалари билан учрашув ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов талаба-ёшлар билан мулоқот қилди.
Мулоқотда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ҳамда ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шароитлар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар изчил такомиллаштирилаётгани, янги таҳрирдаги Конституцияда ёшларга оид муҳим нормалар мустаҳкамлангани қайд этилди. Шунингдек, қабул қилинаётган қонунларда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Тадбир давомида талабаларга Қонунчилик палатасининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Ёшлар парламентининг асосий фаолият йўналишлари атрофлича тушунтирилди.

Ўз навбатида, талабалар ҳам Қонунчилик палатаси фаолияти ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнларига оид ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Парламент фаолияти билан танишув уларда катта таассурот қолдирганини эътироф этдилар.

Учрашув доирасида ёшлар парламент кутубхонаси, Олий Мажлис тарихи, тараққиёти акс этган музей ҳамда мажлислар зали билан танишдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА