Парламент назорати институтининг самарадорлигини ошириш
Қонунларга риоя қилиш, уларни ижро этиш ва қонун нормалари билан тартибга солишга эҳтиёж туғилаётган жамиятдаги ижтимоий муносабатларни аниқлаш, амалдаги қонун ҳужжатларини ҳаёт талаблари билан мунтазам уйғунлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан амалга ошириладиган парламент назорати муҳим аҳамият касб этади.
Парламент назорати, шунингдек мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш ва фуқаролар онгида қонунга ҳурмат руҳини шакллантиришда ҳам муҳим восита бўлиб ҳисобланади.
Парламент назорати қонун чиқарувчи органнинг ҳозирги кундаги энг самарали кўриниши ҳисобланади. Парламент назорати қонун ҳужжатлари таъсирчанлигини оширишнинг ва айни чоғда жамиятнинг ҳуқуқий эҳтиёжларини тезкор аниқлашнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Парламент назорати – бу мустақил ва қонуний, тизимли вакиллик органи фаолияти бўлиб, унинг палаталари, қўмита ва комиссиялари, палата аъзоларининг ижро ҳокимияти ва бошқа давлат органлари ва хўжалик бошқарув органларининг инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига риоя қилинишини таъминлаш ҳамда конституциявий ва жорий қонунларнинг ижросини назорат қилиш фаолияти ҳисобланади.
Парламент назоратининг муҳим кўриниши сифатида парламент ва депутат сўрови парламент аъзоларининг давлат бошқарув органлари ва мансабдор шахслари билан муносабатларида муҳим аҳамиятга эга.
2015 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, парламент сўрови, Қонунчилик палатаси депутати сўрови тушунчаларига алоҳида-алоҳида изоҳ бериб ўтилди.
Яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли. Қонунчилик палатаси депутати – давлат ҳокимяти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.
Депутат сўрови депутат томонидан уни қизиқтирувчи шахсий масала бўйича тақдим этилмайди. Сўровларнинг мавзуси бўйича у ёки бу норматив чекловлар мавжуд эмас, лекин сўров юборилган субъект ваколатлари чегарасидан четга чиқиши мумкин эмас. Ўз навбатида, депутат сўровини киритиш мезони муаммонинг жамият учун аҳамиятлигидир.
2016 йил 11 апрелда “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши парламент фаолиятини янада самарали ташкил этиш, уларнинг ваколатлари ва функционал вазифаларининг янада кенгайишига, қолаверса, Қонунчилик палатаси ва депутатларнинг парламент ва депутат сўрови ҳуқуқидан фойдаланиш механизмларини етарлича очиб беришида бевосита хизмат қилади.
Амалдаги қонунчиликка киритилган янги тартиб бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади. Бу янги тартиб парламент сўровининг натижадорлигига бевосита ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Депутат сўрови давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг битта мансабдор шахси номига ҳам, бир неча мансабдор шахси номига ҳам юборилиши мумкин. Депутат сўрови қисқа, лўнда ва тушунарли тарзда ёзилган бўлиб, расмий бланкада расмийлаштирилади ва депутат томонидан имзоланади.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонида юборилаётган депутатлик сўровлари аксарият ҳолатларда турли даражадаги масалалар бўйича тарқоқ ҳолда, баъзи ҳолатларда айнан бир масала бўйича турли вазирлик ва идораларга юборилганлигини кўрсатмоқда. Айни пайтда бу борада аниқ бир ҳуқуқий механизмнинг мавжуд эмаслиги Қонунчилик палатаси депутати сўровини давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига юбориш тартибини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, амалдаги қонунларимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сўровини дастлаб сиёсий партия фракцияси мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этиш ҳамда депутатлик сўрови сиёсий партия фракция аъзоларининг кўпчилиги томонидан маъқуллангандан кейин юбориш тартиби белгилаб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай тажрибани ГФР, Грузия давлатларида ҳам кузатиш мумкин. Албатта, бу қоида бир жиҳатдан депутатларнинг сўрови ҳуқуқидан фойдаланиш тартибини чегаралаб қўйиши мумкин. Аммо мазмун, сифат, натижа масалаларини ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони ҳам юборилаётган депутатлик сўровларини расмийлаштириш, умумлаштириш ҳамда доимий мониторингини олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юборилган сўровлар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йилда 304 та депутат сўрови юборилган бўлса, 2020 йил якунлари бўйича эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юборилган депутатлик сўровлари 338 тани ташкил этган.
2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш масаласи алоҳида вазифа сифатида белгилаб қўйилди.
Мазкур парламент назорати шаклларидан замонавий ёндашув асосида самарали фойдаланиш, кўплаб мавжуд муаммоларнинг ечими топилишига бевосита ижобий ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги Олий Мажрисга йўллаган Мурожаатномасида ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ, парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман, деб алоҳида фикрларини билдириб ўтган эдилар.
Мазкур маъруза талабларидан келиб чиқиб, ижро ҳокимияти фаолиятини шакллантиришдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколати ва иштирокини янада такомиллаштириш мақсадида, 2019 йил 5 мартдаги “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши натижасида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 79, 93, 98-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур жараёнда Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари, сиёсий партия фракциялари ҳамда депутатлар гуруҳи томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилгандан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, маъқулланади. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси киритилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодни рад этган тақдирда, Бош вазир кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни киритади.
Болгария Конституциясининг 62-моддасида Болгария Миллий Мажлиси қонун чиқарувчи ҳокимиятни ва парламент назоратини амалга оширади, деб белгилаб қўйилган. Қирғизистон Конституциясининг 70-моддасига кўра, Жогорку Кенеш – Қирғизистон Республикаси парламенти – бу ўз ваколатлари доирасида қонун чиқарувчи ҳокимиятни ва назорат функцияларини амалга оширувчи энг юқори вакиллик органи. Бу ўз ваколатлари доирасида қонун чиқарувчи ҳокимиятни ва назорат функцияларини амалга оширувчи энг юқори вакиллик органи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан сўзлаган маърузаларида, “... парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш лозимлиги”га алоҳида эътиборини қаратган эдилар.
Дарҳақиқат, парламент ҳозирги демократлашув жараёнларида қонунлар, қарорлар қабул қилиш билан бирга уни жойлардаги ижроси масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Дарҳақиқат, қонунлар қабул қилиш ишнинг ярми, ижроси масаласи эса асосий ўринга чиқмоғи лозим.
Юқорида келтирилган Президентимизнинг кўплаб маърузаларида билдирилаётган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис палаталарининг қонунларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги нуқтаи назаридан, парламент назорати соҳасидаги қонунчилик манбаларига асосланиб, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни ва қонунларнинг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш ваколатини мустаҳкамлаш лозим. Ҳақиқатда ҳам парламент қонунлар қабул қилдими, мазкур қонунларнинг ижросини назорат қилиш функцияси ҳам унинг асосий вазифаси бўлиши лозим.
Парламент амалиётида депутатнинг мурожаати тушунчасини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Яъни, депутатлик мурожаати – депутатнинг оғзаки ва ёзма тарзда ваколатли органга мурожаат қилиши, депутатлик фаолияти билан боғлиқ маълумотларни олишга доир хатти - ҳаракатидир.
Депутатлик мурожаати – депутат сифатида ваколатли давлат органи ва ташкилотларга оғзаки ва ёзма тарзда, депутатлик фаолияти билан боғлиқ саволлар қўйиши ёки ўзини қизиқтирган маълумот ва ахборотларни олиш ҳуқуқини англатади. Тегишли давлат органи ва ташкилотлар депутат томонидан қўйилган саволни ўз вақтида кўриб чиқиши ва саволдан келиб чиқиб жавоблар қайтариши, шунингдек, депутат томонидан сўралган ахборот ва маълумотларни беришлари лозим.
Депутатлик мурожаатида депутат тегишли органлар ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилади. Депутат сўровида эса асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талабини қўяди. Депутатлик мурожаати кўп ҳолатларда оғзаки тарзда ифодаланса, депутатлик сўрови эса ёзма тарзда юборилади. Кўп ҳолатларда мурожаат орқали натижага эришилмаса, мурожаат кейинчалик расмий сўровга айланиши мумкин.
Депутат фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга оғзаки, ёзма ва электрон тарзда мурожаат этишга ҳақли. Депутатлик ваколатлари доирасида саволлар бериши ҳамда ўзини қизиқтирган маълумот ва ахборотларни олиш ҳуқуқи эга.
Хулоса қилиб айтганда, халқ вакили сифатида фаолият юритувчи депутатлар ислоҳотларнинг асосий ташаббускори, фаол ижросига айланишлари лозим. Бунинг учун депутатлар қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган ваколатларидан, парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланишлари лозим.
Шерзод Зулфиқоров,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғи,
юридик фанлари доктори, профессор.