Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Паркент туманида туризм салоҳияти ва соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Хусусан, соҳани ривожлантириш борасида тадбиркорлар билан фикр алмашилди. Кумушкон қишлоғи меҳмон уйларини кўздан кечирди. Туманда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган жами қиймати 66,6 миллиард сўм бўлган 3 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 40 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, Кумушконда Республикада биринчилардан бўлиб “Туризм қишлоғи” лойиҳаси бошланган.
Сабаби бу қишлоқ нафақат Паркент тумани, балки Тошкент вилоятида ҳам зиёрат ва тоғ туризми имкониятлари кенглиги билан ажралиб туради. Инсонга ёқувчи тоза ҳавоси, гўзал табиати ва зиёратгоҳлари кўплиги туфайли йил бўйи сайёҳлар келадиган манзилга айланган. Ҳозирги кунда бу ерда алоҳида йўналишлар бўйича — этноқишлоқ, миллий таомлар қишлоғи, ҳунармандлар қишлоғи ҳамда агротуризм қишлоғини яратилмоқда. Шу билан бирга, бу ерда меҳмон уйлари, халқ кутубхонаси, ёшлар ижодиёт маркази, халқ ўйинлари ва спорт намойишлари майдончаси, ўтовлар шаҳарчаси, туризм ахборот марказлари, сувенирлар ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари дўкони, замонавий санитарик-гигиеник шохобчалар, сайёҳлар учун тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳамда мавсумий дам олиш масканлари фаолият юритмоқда.
Ўрганиш давомида ҳудудда туризм жозибадорлигини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ва бошқа туризм объектларни ташкил этиш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
А. Мусаев, ЎзА