Паркентда IТ- шаҳарча қуришга старт берилди
Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Ҳудудларда ёшларга рақамлаштириш ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитларни яратишга қаратилган “IT- шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида “IT-шаҳарча”лар ташкил қилиниши белгиланган эди.
Куни кеча ушбу қарорнинг ижроси сифатида Паркент туманининг Самсарак қишлоғида “Villayat Samsarak: CREATIVE ECO IT VILLAGE” лойиҳаси тақдимоти ва ушбу ҳудудда ташкил этилиши режалаштирилган “IT- шаҳарча” қурилишига старт берилди. Шу муносабати билан ташкил этилган тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, соҳа мутахассислари, ҳудуд масъуллари иштирок этди. Бу жойларда ёшларни рақамли технологиялар соҳасига йўналтириш, уларнинг мазкур соҳада билим эгаллаши бўйича интилишларини рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Шунингдек, дастурлаш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш йўналишларида таълим бериш, хорижий тиллар, шу жумладан, инглиз тилига ўқитиш орқали ёшларнинг билим ва салоҳияти оширилади. “Villayat Samsarak” эко қишлоғи “Villayat” компаниялар гуруҳининг тажриба лойиҳаси бўлиб, у яшил ва ижодий иқтисодиёт доирасида фаолият юритади. Хусусан, Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.


Таъкидлаш лозимки, “IT- шаҳарча” ҳудудда ёшлар ўз касбини топиши, ривожланиши ва атроф-муҳит билан уйғунликда яшаши орқали жамиятга ўз ҳиссаси қўшиши, соҳани янада ривожлантириши учун ноёб макон бўлиши кўзда тутилган.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири