Жорий йил 15 майда Президентимизнинг “Ҳудудларда ёшларга рақамлаштириш ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитларни яратишга қаратилган “IT-шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Шу мақсадда Тошкент вилояти Паркент туманининг Самсарак қишлоғида “Villayat Samsarak: CREATIVE ECO IT VILLAGE” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу ҳудудда ташкил этилиши режалаштирилган “IT-шаҳарча” қурилишига старт берилди.
Унда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
“Villayat Samsarak” эко қишлоғи “Villayat” компаниялар гуруҳининг тажриба лойиҳаси бўлиб, у яшил ва ижодий иқтисодиёт доирасида фаолият юритиб, Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Таъкидлаш лозимки, “IT- шаҳарча” ҳудудда ёшлар ўз касбини топиши, ривожланиши ва атроф-муҳит билан уйғунликда яшаш орқали жамиятга ўз ҳиссасини қўшиши, ушбу соҳани янада ривожлантириш учун ноёб макон бўлиши кўзда тутилган.
Н.Раҳмонова, ЎзА