“Париж-2024”да Элдор ва Аббосдан ташқари қандай юлдузлар майдонга тушади
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 июль куни “Париж-2024” Олимпиадасининг футбол мусобақаси бошланади. Шу куни турнирининг тўрт гуруҳида биринчи тур баҳслари ўтказилади.
Олимпия ўйинлари регламентига кўра, мусобақада терма жамоалар асосини 23 ёшгача бўлган футболчилар ташкил этади. Бироқ ҳар бир мамлакат терма жамоаси ўз сафига уч нафар ёши катта ўйинчиларни қўшиш ҳуқуқига эгадир. Тўғри, айрим жамоалар бу ҳуқуқдан унумли фойдаланди ва таркибини тажрибали футболчилар билан тўлдирди.
Бироқ, биз бу галги мақоламизда сиз азиз футбол ихлосмандлари эътиборига “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг футбол мусобақасида турли терма жамоалар сафидаги ёш ва тажрибали чарм тўп усталари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни лозим кўрдик.

Дастлаб, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг машҳур уч футболчиси ҳақида. Албатта, терма жамоамиз сафида иқтидорли футболчилар кўп, лекин Элдор Шомуродов (“Рома”, Италия), Аббосбек Файзуллаев (“ЦСКА”, Россия) ва Абдуқодир Ҳусанов (“Ланс” Франция) ҳозирда мамлакатимизни Европа майдонларида шарафини юксалтираётганини алоҳида эътироф этишимиз лозим.

Энди эса, бу йилги Олимпиадада қатнашадиган номдор футболчилар ҳақида маълумотни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Гвинеялик Наби Кейта 29 ёшли ярим ҳимоячи ҳозирда Германиянинг “Вердер” клубида тўп тепмоқда. Франциялик Майкл Олисе яқинда Германиянинг “Бавария” жамоаси сафидан жой олди. 22 ёшли ҳужумкор футболчини мюнхенликлар “Кристал Пэлас”дан 53 миллион евро эвазига сотиб олди. Франциялик Александр Ляказетт ҳозирда “Лион”да ўйнамоқда. 33 ёшли форвард фаолияти давомида фақат икки клуб Англиянинг “Арсенал” ва Франциянинг “Лион” клубида ўйнаган.
Испания олимпия терма жамоаси аъзоси Эрик Гарсия 23 ёшли ҳимоячи ҳозирда “Барселона” шарафини ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, Испания термаси сафида Пау Кубарси ҳам бор. У “Барселона” академиясининг энг ёрқин тарбияланувчиларидан биридир. 17 ёшли ҳимоячи аслида Испания терма жамоасининг Европа чемпионатидаги таркибидан жой олиши керак эди. Бироқ, мутасаддилар унга Олимпия ўйинларида ўзини кўрсатиш имконини берди.

Аргентина олимпиячилари сафида Хулиан Альварес майдонга тушади. 24 ёшли Хулиан Аргентина терма жамоасининг Олимпиададаги энг кучли ҳужумчиси бўлиши кутилмоқда. “Ривер Плейт” тарбияланувчиси 2022 йилдан бери “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шунингдек, бу жамоа таркибида 36 ёшли ҳимоячи Николас Отаменди ҳам бор. Николас бу галги Олимпия ўйинларига Америка кубоги ғолиби сифатида келади. Ҳозирги кунда клуб миқёсида “Бенфика” (Португалия) шарафини ҳимоя қилмоқда.
Марокаш олимия термаси сафида тажрибали Ашраф Ҳакими бор ва у жамоанинг ҳақиқий етакчиси сафида майдонга тушади. Аслида, Ашраф учун Париж шаҳри бегона эмас. 25 ёшли қанот ҳимоячиси ҳозирда айнан Олимпиада мезбони бўлган Париж шаҳри клуби “ПСЖ” сафида ўйинамоқда.

Ҳа, бу галги Олимпия ўйинларининг футбол мусобақаларида ана шундай юзлдузлар тўп тепади. Бу эса ҳар бир учрашув кескин ва муросасиз ўтишидан далолат беради.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон ва Испания олимпия терма жамоалари 24 июль куни гуруҳ босқичининг илк турида ўзаро тўқнаш келади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА