Ҳар бир миллатнинг ўз она Ватани ва ўз она тилига эга бўлиши Давлат мустақиллигининг муҳим белгисидир. Ҳусайн Бойқародек маърифатли султон ҳазрати Алишер Навоийни “Турк тилининг ўлик баданига руҳ кийгизди” деб улуғлаган ва туркий-ўзбек тилининг янги ҳаётини бошлаб берганини эътироф этган.
Ҳар бир миллатнинг ўз она Ватани ва ўз она тилига эга бўлиши Давлат мустақиллигининг муҳим белгисидир. Ҳусайн Бойқародек маърифатли султон ҳазрати Алишер Навоийни “Турк тилининг ўлик баданига руҳ кийгизди” деб улуғлаган ва туркий-ўзбек тилининг янги ҳаётини бошлаб берганини эътироф этган.
2019 йил октябрь ойида Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев она тилимиз тақдири билан боғлик икки буюк тарихий ҳужжатни имзолади: 4 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ва 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон эълон қилинди. Бу икки ҳужжат ўзбек тили ҳаёти ва ривожида янги бир даврни бошлаб беради, деб ўйлайман.
Президент фармони мени она тилимиз ва миллий ёзувимиз билан боғлиқ мулоҳазаларимни журъат билан баён қилишга ундади. Ҳолбуки, яқин-яқингача биз миллатимиз маънавий ҳаёти билан боғлиқ оддий фикр ва мулоҳазаларни айтишга ҳам имкон тополмай қолган эдик.
Инсонга инсонлик шарафидан далолат берадиган тўрт қадрият бор: Биринчи, ҳар бир инсон ўз эрк ва ихтиёрига эга бўлмоғи лозим. Иккинчи, шаръий ёки қонуний касб-кор орқали топган молу дунёси ҳалол меҳнатининг маҳсули ўлароқ ўз ҳаққи, ўз мулки бўлмоғи лозим. Учинчи, ҳар бир миллат ўз ҳақиқий онаси бўлмиш Ватанига, туғилиб ўсган юрти, ота-бобосидан мерос қолган диёрига эга бўлиши лозим. Она Ватанини бошқалар тасарруфига бериб қўйиш инсонларнинг кечирилмас оғир жинояти ва хиёнати бўлади. Тўртинчи, ҳар бир мамлакат халқи асрлар бўйи асралиб келаётган муқаддас динига соҳиб бўлмоғи лозим.
Марҳум аллома Алихонтўра Соғуний “Туркистон қайғуси” асарида ана шу тўрт хусусни таъкид билан баён қиладилар. Жамиятшунос олимлар бу тўрт неъматга ҳарбий қувватни ҳам қўшганлар ва ҳар бир миллатнинг мустақиллиги унинг мудофаа қувватига ҳам боғлиқ эканини таъкидлаганлар.
Юқоридаги хусусларнинг учинчиси ва энг муҳими бўлмиш она Ватан мавзусига ўша халқнинг она тили масаласи ҳам киради. Халқимиз яқин ўтмишда “мажбурий руслаштириш” сиёсатини ва “ҳамма тиллар ўлади, дунёда бир тил қолади” деган қўрқувни бошидан кечирди. Устоз Эркин Воҳидов бу жараённи ифодалаб, жумладан, бундай деб ҳайқирган эди:
“Эй воиз, пастга тушгин,
Бу гап чиқди қаердан!”
Навоий билан Пушкин
Туриб келди қабрдан...
...Бу садо янграр ҳамон,
Сира адо бўлмайди.
Олам айтар: “Ҳеч қачон
Она тилим ўлмайди!”
Бас, ушбу мақолада она тилининг ҳаёти билан боғлиқ беш мавзуда сўз юритамиз. Биринчиси, ўзбек тилининг бугунги аҳволи, унинг мавқе-мақомини ошириш муаммолари, Давлат тили ҳақидаги қонун татбиқотининг навбатдаги босқичлари. Иккинчиси, тил тозалигини сақлаш, рус ва инглиз тиллари орқали кираётган халқаро сўзларнинг муқобилини тузиш чоралари. Учинчиси, 1989 йилда қабул қилинган Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг нима сабабдан ўзгаришга ва таҳрирга учрагани, ундан олиб ташланган ҳаётий моддаларни тиклаш масалалари. Тўртинчиси, лотин имлосини такомиллаштириш ва ҳаётга жорий этиш борасидаги таклиф ва мулоҳазалар. Бешинчиси, эски луғатларни қайта ишлаш ва янги луғатлар тузиш масаласи. Бу масалаларнинг ҳар бири биздан уйғоқ виждон ва адолат билан сўз юритишни талаб этади.
Биринчи мавзу билан боғлиқ мулоҳазалар. Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги Қонун қабул қилинганига (1989–2019) ўттиз йил тўлди. Камина Давлат тили ҳақидаги Қонунни тайёрлаш ҳайъатининг фаол аъзоси эдим. Атоқли олим, раҳматли Эркин Юсупов раис, Бахтиёр Назаров, Акмал Саидов каби олимлар фаол аъзолардан эдилар. Лекин ҳозир биз амал қилаётган қонун 1989 йилда қабул қилинган Қонун эмас, балки 1995 йилнинг 21 декабрида деярли яширин услубда хиёнаткорона равишда ўзгаришга учраган янги таҳрирдаги Қонундир.
Нима бўлганда ҳам, Давлат тили ҳақидаги Қонун талабларини амалга ошириш борасида анча хайрли ишлар қилинди, жиддий натижаларга эришилди. Лекин Қонун амалиёти анча сусткашлик билан бормоқда. Бу ҳол уч суратда жиддий кузатилади:
1. Давлат тили ҳақидаги 1995 йилги Қонунда ўзбек тилини ўрганиш заруриятини белгилайдиган ёки унга рағбатни оширадиган бирор банд мавжуд эмас. Қонунга кўра, фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эга. Бу дегани ўзбек тилининг жамиятда ҳеч қандай зарурияти йўқ, дегани. Яна Қонунда Ўзбекистон фуқароларининг давлат тилини билиши, ўрганиши шартлиги бирор нуқтада қайд этилмаган. Шунингдек, бирон давлат идорасига ишга кириш ёки расмий тайинловларда давлат тилини билиш шарти белгиланмаган. Қисқаси, бу ифодалар бошқарув соҳасида ва расмий муомалада урф бўлган рус тилининг мавқеини мустаҳкамлаб, расмийлаштириб берган, холос. Президент Шавкат Мирзиёев фармонида “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш таъкидланган. Бу янги таҳрирдаги бўлажак Қонун ўзбек тилининг мавқеини тўғри белгилаб бериши ва халқ манфаатини ўзида жамлаши зарур.
2. Турли маъмурий идора ва муассасаларда она тилимизнинг тўлиқ ва чиройли ҳолда жорий бўлишига лоқайдлик билан қараб келинди. Хусусан, ички ишлар соҳаларида давлат тилига эътиборсизлик учраб турибди. Турли ташкилотлардан аҳолига келадиган огоҳлантириш ёки қарзни тўлаш ҳақидаги таҳдидли хатлар йигирма йиллардан бери, асосан, рус тилида жўнатилади.
3. Четдан кираётган сўз, атама ва истилоҳларни ишлаш бутунлай бўшашиб кетган. Кейинги йилларда буткул тўхтаб ҳам қолди. Сўзлар тақдири – сўз, атама, истилоҳ, мафҳум ва муъламани теран англамайдиган, ҳис этмайдиган кишилар қўлига ўтиб кетди. Ҳеч бир қонун Давлат тили ҳақидаги Қонундек беқадр бўлган эмас. Қуруқ гапдан кўра амалий фаолиятга ўтганимиз яхшироқ.
Иккинчи мавзу билан боғлиқ мулоҳазалар. Четдан кираётган янги сўз ва атамаларнинг ўзбекча муқобилини ишлаб чиқадиган ҳамда ўзбек тилига мослаб жорий этишни тартибга соладиган муассаса ўта зарур эди. Мана, Ўзбекистон Президентининг махсус фармони билан Давлат тилини ривожлантириш ташкилоти тузиладиган бўлди. Унда “илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини тузиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш” масаласи белгилаб берилган. Энди бу муассасада текинхўр ва лоқайд шахсларни кўпайтиришнинг кераги йўқ. Ватан, миллат, истиқбол туйғуси виждонидан ўрин олган, сидқидилдан ишлайдиган, заковати, фаросати, диёнати юксак, чин ватанпарвар, халқпарвар шахслардан саноқли инсонлар бу хайрли ишни ўз зиммаларига олиши лозим. Афсуски, кўплаб раҳбар шахсларнинг нутқи, гапириши ўзбекча бўлса ҳам, лекин тафаккур тарзи русчадир. Кўплаб муаммоларни юзага келтираётган энг дардли масалалардан бири ана шудир.
Кейинги вақтларда ҳеч қандай зарурат бўлмай туриб, хабарларда қўлланаётган сўзларга диққат қиламиз.
Администрация – бу сўз эски лотин тилидан олинган. Ҳолбуки, луғатимизда “Маъмурият” деган жуда гўзал сўз бор. Ўрнига қараб, “Бошқарув” деб қўлласа ҳам бўлади. Бу икки сўз кўзланган маънони, яъни “муассаса, корхона, ташкилот раҳбарлари мажмуи”ни тўлиқ ифодалайди.
Департамент – бу сўз француз тилидан олинган. Бунинг ўрнига “бошқарма”, “идора”, “бирлашма” деган сўзларни бемалол қўллаш мумкин.
Инновация – инглиз тилидан кириб келган, асосан, “ихтиро”, “кашф”, “янгилик” сўзлари билан ифодалаш мумкин.
Инновацион – бу сўзни “ихтироли”, “ихтирога оид” деган сўзлар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “ихтироли ғоялар”, “ихтирога оид мақсадлар”, “ихтироли технологиялар”. Умуман олганда, бу атаманинг аниқ ва чиройли муқобилини топиш мумкин.
Интернет – инглиз тилидан кириб келган, уни “халқаро тармоқ”, “халқаро алоқа тармоғи”, “халқаро алоқа”, “умумжаҳоний алоқа” каби сўзлар билан ифодалаш мумкин.
Комиссия – лотин тилидан олинган ва тилимизга кирган. Лекин ҳамма ўринларда айнан шу сўзни қўллаш шарт эмас. Унинг ўрнига “ҳайъат” сўзини қўллаш мумкин. Масалан, “Атамалар ҳайъати”.
Коммуникация – лотинчадан кириб келган; ўрнига қараб: 1) “жамламоқ”, “боғламоқ”, “умумлаштирмоқ”; 2) “хабар алмашув (жараёни)”, “маълумот алмашув (жараёни)”; 3) “фикр алмашув”, “алоқа” каби сўзлар билан ифодалаш мумкин.
Концепция – лотинчадан кириб келган; матндаги ўрнига қараб: 1) “низом”, “мақсадлар низоми”, “йўналишлар тизими”, “жамланма тизим”, “яхлит йўналиш”; 2) “бирлаштирувчи тизим”, “жамловчи йўналиш”; 3) “фикр юритиш тизими”; “мақсадлар таркиби”, “қоидалар тизими” каби сўз ва иборалар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “тил сиёсатини такомиллаштириш низоми”. Бу ҳали бир қарашда фикрга келадиган маъноларидир. Диққат-эътибор билан ишланса, тўлиқ ифодалайдиган ўзбекча истилоҳни топиш мумкин бўлади.
Монитор – лотин ва инглиз тилидан келган. Ўрнига қараб, “назорат қилувчи”, “кузатувчи”, “огоҳлантирувчи” каби сўзларни, шубҳасиз, қўллаш мумкин.
Мониторинг – инглиз тили орқали келган; “назорат”, “кузатув” каби сўзлар билан ифодалаш, ўрнига қараб, “огоҳлик ҳайъати” деб ишлатиш мумкин. Масалан, “Кузатувни амалга ошириш”, “Назоратни белгилаш”, “Огоҳлик ҳайъатини қўйиш” каби.
Мораторий – лотинчадан келган, уни “тўхтатув”, “камайтирув”, “тўхтатувчи”, “секинлаштирувчи”, “камайтирувчи” каби сўзлар билан бемалол ифодалаш мумкин.
Орган – эски юнон тилидан келган; уни “идора”, “муассаса”, “ташкилот” каби сўзлар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “давлат идоралари”, “давлат ташкилотлари” “давлат муассасалари”, “ҳокимият идоралари”.
Термин – “атама”, “истилоҳ”, “мафҳум”, “муълама” каби сўзлар билан алмаштириш мумкин. Бу сўзлар илмий китобларимизда ҳозирги кунда фаол ишлатилмоқда.
Штат – немис тилидан кириб келган; “иш ўрни” (ишўрни), “хизмат ўрни”, “хизмат таркиби”, “лавозим” каби сўзлар билан ифодалаш мумкин. Масалан, “10та иш ўрни бирлиги”.
Мураккаб сўз, ибора ва истилоҳлар ўрнига халқ тушуниши мумкин бўлган сўзларни қўллаш яхши эмасми? Уларнинг маъносини англаш учун луғат титишга кимнинг имкони бор? Ажабки, мустамлака даврида рус тили орқали кириб келган сўзларни мажбурий равишда қабул қилган бўлсак, энди хоҳ ўринли бўлсин, хоҳ ўринсиз бўлсин, ҳатто зарурат ва эҳтиёж бўлмаганда ҳам, ўз ихтиёримиз билан ўша сўзларни қўллаётирмиз.
Жаҳондаги баъзи миллатлар тажрибасидан шу нарса маълумки, луғатимизга кириб келаётган янги халқаро атамаларни ифодалашда биринчи йили ўша халқаро атама ёзилиб, ёнига қавс ичида ўзбекча шакли ёзилади, иккинчи йили аввал ўзбекча шакли ёзилиб, ёнига қавс ичида халқаро шакли ёзилади. Учинчи йили эса у истилоҳ она тилимизда бемалол қўлланилаверади. Чунки энди халқ уни тушунадиган бўлиб қолади.
Энг қизиғи, “ц” ҳарфи иштирок этадиган сўзлар лотинчада “s” ва “t” ҳарфлари билан ўқилганда кулгили товушлар юзага келади.
“Маҳкама” деган сўз аслида ҳукм қилинадиган жойни, “олий суд”, (“трибунал”) деган маъноларни англатади. Барча луғатларда бу сўз ана шу маънода қўлланган. Кейинги даврда умуман, “бошқарма”, “идора” деган маъноларда қўлланмоқда. “Вазирлар маҳкамаси” дегани “Вазирлар ҳукмхонаси” (ёки “Вазирлар қозихонаси”) деган маънони билдиради. Бу даргоҳ номини ҳали ҳам яхши томонга ўзгартиришга имкон бор. Масалан, “Вазирлар Кенгаши” – қандай чиройли ном.
Учинчи мавзу билан боғлиқ мулоҳазалар. 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган Давлат тили тўғрисидаги Қонуннинг “янги таҳрир”га учраганини тушуниш мумкин. Лекин у қонундан халқимиз, миллатимиз ҳаёти учун сув билан ҳаводек зарур бўлган моддаларнинг чиқариб ташланганини қандай тушунамиз? Нима сабаб, нима зарурият, нима мажбурият ва нима фитналар билан 1989 йилги Давлат тили тўғрисидаги Қонундаги айрим ҳаётий моддалар қисқартирилган?
Аввалги Қонуннинг 1-моддасида давлат тили ўзбек тили эканлиги белгиланиб, “Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантиради ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлиқ амал қилишини таъминлайди” деган банд бор эди. 1995 йил 21 декабрдаги Қонунда эса хиёнаткорона равишда бу модда тарк этилган.
Шунингдек, 4-моддада: “Ўз фаолиятига кўра аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шахслар хизмат вазифасини бажариш учун давлат тилини зарур бўлган даражада билишлари лозим” деб таъкидланган. “Янги таҳрир”да эса бу банддан воз кечилган. Ўзбек тилининг нима учун 20-25 йил ичида анча хароб аҳволга тушиб қолганининг сабаблари ана шундадир. Диққат қилган киши мустамлака даврининг қонуни баъзи жиҳатлардан мустақиллик даври қонунидан устун эканини англайди.
1989 йил 21 октябрдаги Қонуннинг 16-моддасида “Араб алифбосига асосланган қадимий ўзбек ёзуви”ни ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ўргатиш, уни “ўқув фанларидан бири сифатида ўқитиш таъминланади” деб белгиланган ва “бунинг учун илмий-педагогик кадрлар тайёрланиши”, бу ёзувда “ўқув қўлланмалари, китоблар, газета ва журналлар нашр этилиши” белгиланган эди. 1995 йил 21 декабрдаги Қонунда эса бу модда таг-томири билан йўқ қилинди. Халқни ўз аслиятидан узоқлаштиришга, ўз қадимий манбаидан маҳрум этишга қандай қилиб журъат этишди экан? Бу “Янги таҳрирдаги Қонун” муаллифлари ва ташаббускорларининг халқимиз ва келажак авлод олдидаги буюк жинояти эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида: “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин” деб белгиланган.
Бу янги таҳрирдаги бўлажак Қонунда ўзбек халқининг ўн икки асрлик маънавий-маърифий, илмий-маданий ва бадиий хазиналарини ўзида жамлаган араб алифбоси асосидаги қадимий ўзбек ёзувини ўргатиш масаласи, албатта, тикланиши зарур.
Ҳозирги кунда Абу Райҳон Беруний номидаги илмий-тадқиқот институти қўлёзмалар хазинасида неча минглаб манбалар ўрганилмай ётибди. Уларни ўрганиш ва халқимизга етказишда етук мутахассислар етишмаётир. Матншунослик ва манбашунослик институти ёки университетини очишга зарурият бор.
Тўртинчи масала билан боғлиқ мулоҳазалар. Жаҳон тарихида ҳеч бир миллат ёзув борасида ўзбек халқидек буюк мусибатга учраган бўлмаса керак. Бу халқ 64 йил ичида уч марта, балки, тўрт марта имло инқилобини бошидан кечирди.
Араб ёзуви VIII асрдан бошлаб XX асрнинг 1929 йилигача қўлланган. Эски туркий (ўзбек) ёзуви сифатида эса ХI асрдан 1929 йилгача қўлланган. Араб ёзуви ўлароқ ўн икки аср, эски туркий ёзув ўлароқ ўн аср қўлланган. Халқимизнинг жаҳон тарихидаги энг шарафли, энг буюк, энг ўлмас илмий-ижодий асарлари бу ёзувда битилди.
1929 йилдан лотин ёзувига ўтилди. Ўзбекистон мактабларида эса лотин алифбосига ўтиш 1927/28 ўқув йилидан босқичма-босқич жорий бўлган.
1940 йилдан тил сиёсати тазйиқи билан, бошқа республикаларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам кирилл-рус ёзуви асосидаги алифбо жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1993 йилнинг 2 сентябрида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. 2004 йилда яна бир фожиа юз берди: бу қонунга ва уни амалга киритиш тартиби ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарорига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2004 йил 30 апрелда ўзгаришлар киритадиган қонун қабул қилди. Бу ҳужжатга биноан, янги алифбога ўтиш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар амалга оширилиши лозим эди.
Қисқа қилиб айтсак, лотин имлоси ҳозирги аҳволда халқимиз талабига тўлиқ жавоб бермайди ва бизнинг сўз хазиналаримизни мукаммал ифода эта олмайди. Уни шошма-шошарлик билан такомиллаштириб бўлмайди. Лекин имкон борича тезроқ такомиллаштириш зарур. Айниқса, (Қ), (Ў) ҳарфларини ишлаш зарур. Қўқон (QOʻQON) деган ёзувни қизиқчилар ҳам мазах қиладиган бўлишди.
Мумтоз адабиётда улуғ шоирларимизнинг девонлари араб алифбоси асосидаги қадимий туркий-ўзбек ёзувига асосланган. Яъни девон алиф – ا (а), ب (б), ت (т), ث (с) ва бошқа ҳарфлар билан тугайдиган ғазаллардан тузилади. Жами 29 ҳарф билан тугайдиган ғазаллардан иборат девон мукаммал девон ҳисобланади. Барча мумтоз шоирлар девонида айн ع (ъ) ҳарфи билан тугайдиган ғазаллар ҳам бор. Модомики, “Х” ҳарфини шу ҳолда олдикми, демак, ўзбек тили талабларини ҳисобга олиб, бошқа баъзи ҳарфларни ҳам қайта ишлашимиз зарур. Миллий ёзувимизни “айн” ҳарфисиз тасаввур этиш мумкин эмас.
1. Оʼ (Ў) ҳарфини ифодалашда ўзига хос йўл тутишга мажбурмиз. Яъни лотиндаги мавжуд U (У) ҳарфи устига Ў ҳарфининг белгисига ўхшаган белги қўйиб, Ў ҳарфини вужудга келтиришимиз лозим.
2. Q (Қ) ҳарфини ҳам олимлар билан ўйлаб, маслаҳатлашиб кўришимиз зарур. Уни бошқача ифодалашга зарурат бор.
3. Олдинги айириш белгисига ўхшаган белгини “ҳамза” белгиси ўрнида қўллаб, лотин имлосига айн (Ъ) ҳарфини қўшишимиз зарур. Йўқса, ёзувимиз мумтоз шеърият намуналарини ифода эта олмайди ва биз кулгили аҳволга тушиб қоламиз. Масалан, Алишер Навоийнинг “айн” ҳарфи билан тугаган “Оламда йўқ сендек шужоъ” сатрини ифодалаш учун лотинчада “айн” ҳарфи зарур.
Давлат тилини ривожлантириш ҳайъати иш бошлаганда баъзи масалалар яна равшанроқ муҳокама қилиниши керак. Имло – миллатнинг тақдири, тарихий мероснинг тили, келажакнинг пойдевори! Энди бошқа хатога йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Миллат ҳаётини тажрибаларга сарфлаб исроф қилмаслигимиз керак.
Бешинчи масала билан боғлиқ мулоҳазалар. Мустамлака даврида ўзбек тилининг сўз бойликлари октябрь инқилоби деб аталган даврдан, яъни 1917 йилдан кейинги адабиёт намуналаридан йиғилган. Бунга кўринмас тазйиқ ва мажбуриятлар сабаб бўлгандир. Навоий асарлари луғати алоҳида, Бобур китоблари луғати алоҳида, Машраб шеърияти луғати алоҳида! Ахир, бу мумтоз адабиёт – Девон адабиёти сўз хазиналарининг ҳозирги замон луғатларига киришга ҳаққи йўқми? Бу сўз хазиналари алоҳида-алоҳида китобларда жамланиши билан бирга, уларни имло луғатимиз, изоҳли луғатимиз ва бошқа луғатларимизга киритиш зарур. Луғат борасида, гарчи 27 йилдан бери мустақил саналсак ҳам, ҳамон мустамлака ўлчовлари асосида иш юритяпмиз.
Ўзбек тилининг имло луғати ва изоҳли луғатини буткул қайтадан тузиш лозим. Унда Мавлоно Лутфий, Шайхзода Атоий ва Алишер Навоий ижодидан бошлаб то бугунги кунгача бўлган сўз хазиналари жамланиши шарт. Луғатларнинг ҳаммасини қайта тузиш керак. Бу ишда лаёқатли, истеъдодли ва илмли шахсларни, айниқса, ёш олимларни жамлаш зарур.
Кўксим ичра бир шарор ўзбек тили,
Этгай оламни баҳор ўзбек тили.
Қолди Ёфасдан азиз ёдгор бўлиб,
Парчаланмас бир диёр – ўзбек тили!
Неча имло ўзани ўзгардию,
Оқди мангуликка ёр ўзбек тили.
Токи олам барқарордир, то абад,
Олам ичра барқарор ўзбек тили!
Тил, ёзув, луғат ва адабиёт миллат руҳий-маънавий ҳаётини акс эттиришда, халқнинг маънавиятини намоён этишда энг қимматли омилдир. Бу хайрли ишда ва Президент фармонини амалга оширишда бор куч-ғайрат, илм ва маърифатимизни ишга солишимиз лозим.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси
Манба: "O‘zbekiston adabiyoti va san'ati" газетаси