Паралимпиячилар ҳаракати: юксак марралар сари
Наманган вилоятининг Давлатобод тумани ҳудудида жойлашган Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази (собиқ Олимпия захиралари спорт коллежи) вилоятда Олимп ҳаракатини кенг ёйиш, юртимизда, хусусан вилоятда ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманлари - Олимпия ўйинлари ҳамда Паралимпия ўйинларида иштирок этувчи спортчиларни тайёрлашда муҳим маскан ҳисобланади.
Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 декабрдаги “Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Маҳоратли мураббий ва педагог Акрамжон Дадабоев бошчилигидаги мазкур таълим муассасасида ўтган йилда ўнлаб жаҳон ва Осиё чемпионлари, халқаро турнирлар ва мамлакат чемпионати ғолиб-совринорлари етишиб чиқди.
Спортга иштиқёманд бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёш йигит-қизлар Паралимпия ўйинлари дастуридан жой олган қатор спорт турлари бўйича мусобақалар, оммавий спорт фестивалларида фаол иштирок этиб келмоқда. “Соғлом ҳаёт учун бирлашайлик!” шиори остидаги оммавий югуриш марафони, “Беш ташаббус паралимпиадаси”да марказ тарбияланувчилари юқори натижаларга эришди.
Ўрта ва профессионал давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланган Олимпия ва Паралимпия маркази аъзолари минглаб ҳаваскор ва профессионал спортчиларни ўзида жамлаган марафоннинг вилоят ҳамда республика босқичларида ўзларини нималарга қодир эканлигини намоён этди. Шунингдек, пара шахмат, пара шашка, пара стол тенниси, пара енгил атлетика ва пара киберспорт бўйича беллашувни ўз ичига олган “кичик Паралимпиада”нинг республика босқчида ҳам Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тарбияланувчилари ғолиблар қаторидан ўрин олди. Умуман олганда, марказ имконияти чекланган бўлса-да ўз устида ишлайдиган, юксак марраларни кўзлайдиган спорт усталарини жамлаган маскандир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА