Паралимпиада: Орзулар ҳақиқатга айланармикан?
Бир йил кечикиб ўтказилаётган XVI ёзги паралимпия ўйинларининг медалларга бой бўлган “кемасининг эшкаклари” кўтарилишига икки кун қолган бўлса-да, эртанги баҳслар мамлакатимиз спортчилари учун тўрт йилликнинг сўнгги паралимпиада мусобақалари бўлиб тарихга муҳрланади.
Эртага вакилларимизнинг 6 нафари Токио-2020 нинг биз учун энг қимматли бўлган медаллари учун баҳслашади.
Енгил атлетикачиларимиздан Нурхон Қурбонова Тошкент вақти билан эрта тонг 5:30 да найза улоқтириш баҳсларининг финал беллашувларида дунёнинг 8 нафар пара атлети билан медаллар учун кураш олиб борса, Ўзбекистон байроқдори Муҳаммад Рихсимов кечки дастурда ядро улоқтириш мусобақасининг финалида 9 нафар спортчи билан медаллар учун баҳслашади.
Шунингдек, паралимпиаданинг байдарка ва каноэда эшкак эшиш пойгасининг ярим финалида Шаҳноза Мирзаева ва Ҳайитмурод Шерқўзиев 200 метрлик баҳсларда ўз йўналишларида қатнашади. Шаҳнозага 8 нафар пара спортчи рақиблик қилса, Хайитмурод 5 нафар пара спортчи билан финал баҳсларида қатнашиш учун эшкак эшади.
Ўқ отиш спорт турининг 50 метрга пистолетдан нишонни аниқ олиш мусобақасида пара спортчимиз Сервер Ибрагимов дунёнинг 30 нафардан ошиқ мерганлари билан 16–паралимпиянинг медаллари баҳсида иштирок этади.
Пара таэквондонинг аёллар ўртасидаги мусобақасида 58 килограмм вазнда ҳамюртимиз Гулжаной Наимова 1/8 финалида эронлик Раейхи Шахоб билан куч синашади.
Кўриниб турибдики, 4 сентябрь кунги паралимпия ўйинлари иродали спортчиларимиз учун ҳар томонлама масъулиятли кун бўлиб турибди. Агарки, эртага 6 нафар пара спортчимиздан ҳеч бўлмаганда 4 нафари паралимпиада “халтаси”даги медалларга, айниқса олтин тамғалисига эгалик қилишса, бу ўз-ўзидан Ўзбекистоннинг умум давлатлар жадвалида кучли ўнликка кўтарилишига олиб келади. Бу эса, алалоқибат матонатли спортчиларимизнинг шаҳду шижоати билан Рио паралимпиадасидаги давлатлар жойлашувидаги ўрнимиз Токиода янада мустаҳкамланди, деганидир. Боиси, 2016 йилги паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 15-ўринни эгаллаганди.
Албатта, бу ният. Аммо ниятнинг қай тарзда амалга ошиш ёки акс ҳолатда бўлиши Токио майдонларидаги шиддатли баҳсларда спортчиларимизга йўлчи юлдуздек ҳамроҳ бўладиган омадга ҳам боғлиқ.
Бугунгача медаллар жамғариш пойгасида доимгидек хитойликлар етакчилик қилмоқда. Россия пара атлетларини 4-ўринга тушириб юборган АҚШ ва Буюк Британия вакиллари кейинги пағоналардаги ўринларини мустаҳкамлаб олди.
Вакилларимиз ҳозирда 7 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза медали билан 17-ўринни эгаллаб турган бўлса, биздан олдинги ўринларда бораётган Венгрия, Япония, Испания, Эрон, Франция давлатлари 7 тадан 10 тагача олтин медалларга эга. Демак, эртанги баҳсларда иродали пара атлетларимиз ўз салоҳиятини намойиш этган ҳолда 4 та олтин медални қўлга киритса, Ўзбекистон пара спортчилари кучли ўнлик шоҳсупасига чиқиши шубҳасиз. Муҳими, омад кулиб боқса бўлгани.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА