Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида давом этаётган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронзага етди.
Жумладан, чемпионатнинг навбатдаги кунида эркаклар ўртасидаги ядро улоқтириш (F32) баҳслари финалида қатнашган ҳамюртимиз Жасур Хўжаев 9.96 метр натижа қайд этган ҳолда мавсумдаги энг яхши натижасига эга чиқиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, мусобақа давомида чиқиш қилган спортчиларимиздан Ёрқинбек Одилов ҳамда Илҳом Турғунов F57 тоифасида диск улоқтириш, Фахриддин Ҳамроев T12 классида 400 метр масофага югуриш беллашувлари финалига йўл олди.
Бугун, 2 октябрь куни жаҳон чемпионатининг олтинчи кунги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар аъзоси турли йўналишларда баҳсга қўшилади. Беллашувлар жадвалига кўра, бир нечта спортчилар финал босқичида медаль учун кураш олиб боради.
Жумладан, Қудратуллохон Маъруфхўжаев ва Толиббой Йўлдошев F37 тоифасида диск улоқтириш бўйича финалда қатнашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА