Америка Қўшма Штатлари президентининг глобал ҳамкорликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполли бошчилигидаги делегация бугун Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар қадимий шаҳар билан танишувни Амир Темур мақбарасидан бошлади. Бу ерда уларга буюк жаҳонгирнинг ҳаёти ва давлатчилик сиёсати, бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.


Регистон мажмуасидаги уч улуғвор обида —Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг қурилиши, уларни асраб-авайлаш борасидаги ишлар АҚШ делегациясида катта қизиқиш уйғотди.


—Ўзбекистон АҚШнинг глобал ҳамкорларидан бири, -- дейди Паоло Замполли. —Айниқса, кейинги йилларда Янги Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар, фаол ташқи сиёсат икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлди.
Мамлакатингизга ташриф давомида афсонавий ва тарихий Самарқандга келиш насиб этганидан хурсандман. Дунёга машҳур, қадимий маданий мерос ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор масканларни кўриш учун албатта бу шаҳарга яна келаман.


Делегация аъзолари шаҳардаги бошқа тарихий обидалар,
"Сиёб деҳқон бозори” ва "Боқий шаҳар" мажмуасида ҳам бўлдилар.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари