Пандемияда онлайн хизматга талаб ошди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсаноатқурилишбанк”да бизнес жараёнларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш истиқболларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров ахборот берди.
Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони асосида ишлаб чиқилган стратегия ва “Йўл харитаси” банклар учун муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида фармонда кўрсатилганидек, янги “рақамли банкинг” тамойиллари асосида бизнес-модел жорий қилиниб, унга кўра босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда.
Брифингда ўтган бир йилда тизимда бизнес жараёнларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, жорий йилга мўлжалланган режалар хусусида ахборот берилди.
– Барчангизга маълумки, коронавирус пандемияси шароитида онлайн хизматларга бўлган талаб ошиб кетди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқарув раиси ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров. – Ана шундай шароитда банкимиз томонидан 2020 йилнинг май ойида JOYDA мобиль иловасининг ишга туширилгани халқимизнинг ҳам вақтини, ҳам маблағини тежаш баробарида, соғлиғини асрашда ҳам муҳим омил бўлди.
Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, онлайн кредит хизматлар ва маркетплейсни ўз ичига олган ушбу мобиль илова мижозларга масофадан туриб ҳам банк хизматлари, ҳам маҳсулотларни муддатли тўлов асосида харид қилиш имкониятини тақдим этди. Бу эса мобиль илованинг қисқа фурсатда аҳоли ўртасида оммалашувини таъминлади.
JOYDA мобиль иловасининг ишлай бошлаганига кўп ўтмаган бўлса-да, бугунги кунга келиб платформадан фойдаланувчилар сони 340 минг кишига етди. Пластик картага ўтказмалар 540 миллиард сўмни ташкил этди, 650 миллиард сўмлик онлайн кредитлар расмийлаштирилди, қарийб 95 миллиард сўмлик 1 500 дан ортиқ омонат ҳисобварағи очилди, 5 600 та карта муомалага чиқарилиб, эгаларига етказиб берилди.
Платформа тадбиркорларимиз учун ҳам қулай савдо майдончасига айланди. Жумладан, ҳозирги пайтда 100 дан ортиқ савдо-сервис корхонаси ва ишлаб чиқарувчилар онлайн савдога жалб қилинган. Улар томонидан 15 мингта маҳсулот жойлаштирилиб, умумий қиймати 21,3 миллиард сўмга тенг қарийб 5 мингта товар сотилди.
Платформа, шунингдек, етказиб бериш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар ва суғурта компанияларига ҳам хизмат кўрсатиш кўламини оширишларига қўшимча имкониятлар бермоқда.
Бугунги кунда банк мижозлар хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, мазкур мобиль илованинг веб талқинини ишга тушириш арафасида турибди. Банк, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини бир жойда бирлаштирган JOYDA иловасидан тез орада компьютер қурилмалари орқали ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Шу кунларга режалаштирилган янгиликлардан яна бири – масофадан турган ҳолда, JOYDA иловаси орқали банк хизматларига навбатга туриш хизматини жорий қилишдан иборат. Бу ечим ҳам бугунги шиддатли замонда мижозларга вақтдан ютиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Бундан ташқари, банк томонидан ахборот тизимидаги мавжуд процессинг дастурий таъминоти (ПДТ) ўрнига Open Way ПДТни ишга тушириш устида иш олиб борилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Visa, Mastercard, UnionPay каби халқаро пластик карталарни эмиссия қилиш, уларга хизмат кўрсатиш, шу билан бирга JCB карталарига эквайринг хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.
Мазкур халқаро карталар асосида мижозлар ўтказмаларни бажариши, карта айланмасини онлайн кузатиб бориши, лимитлар ҳамда чекловлар ўрнатиши ва бошқариши, контактсиз тўловларни амалга ошириши, пин кодни алмаштириши, E-PIN-мижоз тизими томонидан мустақил равишда пин кодни шакллантириши, интернет тўловларини бажариши, савдо ташкилотларига электрон тижорат фаолиятини амалга ошириш сингари хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, мазкур тизимни такомиллаштириш натижасида виртуал кредит карталар, мультивалютали карталарни муомалага чиқариш ҳам кўзда тутилган.
Реклама ҳуқуқи асосида
ЎзА