Сурхондарё воҳаси бой тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, турли даврларга оид топилмалари билан ўтмишимизни янада чуқур ўрганишга, аждододларимизнинг ҳаёт тарзи ва ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишишга хизмат қилмоқда.
Археологик тадқиқотлар чоғида қадимий воҳанинг ҳозирги Музработ туманидаги бронза даврига оид Сополлитепа ва Шеробод туманидаги Жарқўтон ёдгорликларида юзлаб палахмон тоши топилган. Палахмон тошлар жуда қадимий қурол бўлиб, бу топилмалар бронза даври жамиятида тош отувчи қуроллардан кенг фойдаланилганидан дарак беради. Палахмон тошлари ҳарбий ва хўжалик ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Жанг пайти қалъа мудофааси ва тинч даврларда овчиликда ишлатилган. Уларнинг айримлари Термиз археология музейи кўргазмаларидан жой олган.

Шарсимон йирик тошларнинг топилиши манжаниқ сингари мураккаб механик қурилмалардан фойдаланилган бўлиши эҳтимолини ҳам кўрсатади. Палахмон инсониятнинг энг қадимий тош отувчи қуролларидан бири бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида мезолит давридан бошлаб ишлатилган. Неолит ва бронза даври ёдгорликларида шарсимон тошлар топилган. Қадимги скиф ва сармат қабилалари жангчиларининг асосий қуролларидан бири сифатида палахмондaн фойдаланган. Унинг ишлаш принципи оддий: тош тери тасма ёки арқон ёрдамида айлантирилиб, ипнинг бир учини қўйиб юбориш орқали юқори тезлик билан нишонга отилади.
Сурхон воҳаси ҳудудидан топилган тошларнинг оғирлиги 230-500 грамм, диаметри 29-100 миллиметр оралиғида бўлган. Кичик тошлар овчиликда, йириклари эса мудофаа ва қалъа ҳимоясида қўлланган. Манжаниқ ўрта аср ва қадимий ҳарбий санъатнинг стратегик қуроли бўлиб, турли халқларда кенг қўлланган. Жумладан, мўғуллар қамалда манжаниқни асосий ҳужум қуроли сифатида ишлатган. Манжаниқ ёрдамида қалъа деворлари бузилган, ичкарига катта тошлар орқали руҳий босим ўтказилган. Салоҳиддин Аюбий ва бошқа ислом ҳукмдорлари манжаниқ усталарини алоҳида сақлаган. Чингизхон Хитой, Хоразм ва Бағдод қамалларида хитойлик ва араб муҳандисларини жалб этиб, катта манжаниқлар ясатган. Ҳалокухон даврида Боғдод қамалида 100 дан ортиқ манжаниқ ишлатилган. Манжаниқлар деворлар, дарвозалар ва минорларни қулатишда асосий роль ўйнаган.

Ибн ал-Асрнинг “Ал-Камил фит-тарих” асарида ёзилишича, араб-ислом қўшинларида манжаниқ VII асрдан бошлаб қўлланган. Қалъаларни эгаллашда секин лекин кучли зарба берувчи қурол сифатида таърифланади.
Манбаларда ёзилишича, манжаниқ занжир ёки арқон билан таранг тортиб, тош отадиган механик қурилма сифатида ишлатилган. Ўрта асрларда мудофаа ва ҳужум учун кенг қўлланган, ўқ отиш кучи инсон кучидан эмас, механик босим ҳисобига ҳосил бўлган. Ислом оламида манжаниқ техник жиҳатдан такомиллаштирилган. Қурилишида ёғоч, арқон, чарм ва оғир қарши тош ишлатилган. Баъзи манжаниқлар бир тоннагача тош отган. У ўз даврида техник инқилоб бўлиб, олдинги оддий тортиш манжаниқлардан кучлироқ, узоқроқ ва аниқроқ отиш имкониятини яратган. Бу турдаги манжаниқларни айнан мусулмон муҳандислари ривожлантирилган.
Манжаниқ мўғулларда ва ўрта аср ислом дунёсида стратегик қурол сифатида ишлатилиб, психологик босим ўтказиш ва узоқдан зарба бериш воситаси сифатида танилган.
Лўнда қилиб айтганда, Сополлитепа ва Жарқўтон ёдгорликларидан топилган палахмон тошлари бронза даври жамиятида унинг муҳим қурол сифатида кенг қўлланилганини кўрсатади. Шунингдек, манжаниқ қадимий ва ўрта аср ҳарбий санъатида асосий стратегик қурол вазифасини бажарган. У ўша давр қўшинларининг ҳужум ва мудофаа технологиясида муҳим аҳамият касб этган.
ГавҳарЧубалова,
Термиз археология музейи
катта илмий ходими.
ЎзА