Пахтачиликда кластер – юқори даромад манбаи
Жорий йилда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги «Angor Surxon G'ururi» масъулияти чекланган жамияти биринчи марта кластер усулида пахта хомашёси етиштирди.
Жорий йилда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги «Angor Surxon G'ururi» масъулияти чекланган жамияти биринчи марта кластер усулида пахта хомашёси етиштирди.Тадбиркорларнинг вилоятда ҳосилни парваришлашдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқични ўз ичига қамраб олган янги лойиҳани амалга ошириши учун ўтган йил кузда тумандаги “Шароф Рашидов”, “Қорасув” ва “Навшаҳар” массивларидан ҳосилдорлиги паст, шўрланган ер майдони ажратиб берилган эди. Бу ерда улар энг замонавий аграр талабларга жавоб берадиган ривожланган давлатлар тажрибаси асосида пахта етиштиришни йўлга қўйди.
Илғор инновацион ғояларни жорий этиб, ҳосилдорликни 20-25 центнердан 50-60 центнерга етказишни мўлжаллаган тадбиркорлар ерга эгалик қилгач, мавжуд майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли шудгорлаш ва зараркунандалар кўпайишининг олдини олишга алоҳида аҳамият қаратди. Шу мақсадда экин майдони атрофидаги каналлар, ариқ-зовурлар лой, қамиш ва бошқа зарарли ўтлардан тозаланди. Ерни тез ва чуқур шудгорлаш учун 220 ва ундан юқори от кучига эга тракторлар, замонавий технологик чизеллардан фойдаланилди.
– Бу жараёнда узоқ йиллардан буён ернинг “без” қатлами бўлиб келган ва шунинг оқибатида ҳосилдорликни пасайтириб юборган қатқалоқни янчиш агротехнологияси қўлланилиб, чизель билан 60 сантиметр чуқурликда ҳайдалди, – дейди «Angor Surxon G'ururi» МЧЖ агрономи А.Тўраев. – Унумдор тупроқ ва минерал ўғитлар билан бойитилди. Бир гектар экин майдонига 300 килограмм аммофос, 100 килограмм калий, 50 килограмм азот берилди. Бу экин илдизини 50-60 сантиметр ер қатламига етказиб, сувнинг 70-80 сантиметр чуқурликка сингишига пухта замин яратди. Ҳосилдорликни икки баробаргача оширди. Бу юмушларга хорижлик тажрибали мутахассислар жалб этилгани ҳам ютуқлар омили бўлди.
Замонавий инновацион усуллар асосида пахта етиштириш ва уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўзлаштиришга аҳд қилган ишбилармонлар эрта баҳорда 5 минг 800 гектар майдонга “Сурхон-14”, “Сурхон-16”, “Наманган-77”, “Иолатан-14 А 1” ва “Жарқўрғон” навли чигит уруғларини хориж тажрибаси асосида бир текис ундириб олди. Ниҳоллар қатор орасини юмшатиш, культивациялаш, ягана қилиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бу юмушларни тез ва сифатли бажариш учун хориждан келтирилган техникалар кучидан самарали фойдаланилди. Меъёридан анча иссиқ бўлган ёз фаслида ғўзани шарбат усулида тунги суғориш йўлга қўйилгани, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилгани, бегона ўтлардан тозаланиб, белгиланган муддатларда чеканка қилингани ҳам ўтган йилларга нисбатан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этди.
– Далаларимизда пахта қийғос очилган, – дейди «Angor Surxon G'ururi» МЧЖ раҳбари А.Норқобилов. – Ҳар куни ўртача беш минг теримчи 180 тоннагача пахта термоқда. Уларнинг унумли меҳнат қилиши учун барча шароит яратилган. Энди қўшимча теримчиларни жалб этиб, улар сонини 12 минг нафарга етказишни мўлжаллаяпмиз. Бунинг учун маҳаллалардаги кайвони аёлларни жалб этмоқдамиз. Бунда 100 нафар кўнгилли ҳашарчини тўплаб берган кайвониларга ўн кун учун 500 минг сўмдан мукофот пули берилади. Терим пулини ҳам кунлик бериб боришни йўлга қўймоқчимиз. Бу бизнинг машаққатли меҳнат эвазига тўпланган хомашёни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, қисқа кунларда йиғиб олишимизга имконият яратади.
Ҳисоб-китобларга кўра, мавжуд пахтазорга ҳар куни 10 мингдан ортиқ теримчи жалб этилса, бир кунда ўртача 400 тоннадан ортиқ хомашё териб-йиғиб олинади ва қабул пунктига топширилади. Бу йил терим пули миқдорининг янада оширилгани, яратилган шароитлар ва иш ҳақининг ўз вақтида берилаётганидан теримчилар мамнун.
– Пахта теримида меҳнатга яраша ҳақ тўланаётгани бизни янада кўпроқ ишлашга ундамоқда, – дейди Ангор туманидаги Охунбобоев маҳалласида яшовчи Барно Қултоева. – Мен ўзим ҳар куни 120 килограммдан ошириб пахта теряпман, бу оиламизга ўртача 100 минг сўм қўшимча даромад, дегани. Терим пули ўз вақтида берилмоқда. Барча шароит яратилган. Бепул иссиқ овқат бериляпти. Шунинг учун маҳалламизнинг ўзидан ҳар куни 400 дан ортиқ теримчи иштирок этмоқда.
Замонавий агротехнологиялардан фойдаланиб, пахта етиштирган тадбиркорлар дастлабки йилда мавжуд майдонлардан 17 минг 800 тонна юқори сифатли хомашё топширишни режалаштирган эди. Ҳосил мўл. Энди мавсум якунигача бу кўрсаткични 20 минг тоннадан ошириш мўлжалланмоқда. Йиғиб олинаётган пахта ҳосили 250 дан ортиқ ташиш техникаси ёрдамида пешма-пеш қабул пунктига етказиб берилмоқда.
Вилоятда кластер усулини қўллаш бу йил «Angor Surxon G'ururi» МЧЖда илк синовдан ўтказилмоқда. Келгусида улар пахта етиштиришдан тортиб, то хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан якунланадиган тўлиқ тўқимачилик иш жараёни циклини яратади. Инновацион тўқимачилик кластери ташкил этилиб, ўзлари етиштирган пахтани қайта ишловчи замонавий фабрика ва завод қурилади. Корхона билан аҳоли ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш орқали пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилади. Жойларда қишлоқ хўжалиги ҳамда енгил саноат тармоғини янада ривожлантириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳисобига қўшимча қиймат яратилиб, тайёр экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш хажми кўпайтирилади. 1000 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилиб, уларнинг турмуш фаровонлиги янада оширилади.