Пахтачилик: мўл ҳосил ва юқори даромад
Сирдарё вилоятида ғўза қатор ораларини бойитилган минерал ўғитлар билан чуқур юмшатиш агротехник тадбирига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сирдарё вилоятида ғўза қатор ораларини бойитилган минерал ўғитлар билан чуқур юмшатиш агротехник тадбирига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Гулистон туманида ҳам ғўза парваришида культиваторлардан самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, ниҳолни минерал ўғит билан озиқлантириш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш, пахтакор-деҳқоннинг олдидаги энг долзарб ва асосий вазифадир.
Тумандаги 220 дан ортиқ пахтачилик фермер хўжаликлари жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида “Politex Sirdaryo Сluster” пахтачилик-тўқимачилик масъулияти чекланган жамияти билан пахта ҳосилини етиштириш юзасидан шартнома имзолаган. Гулистон тумани пахтакорлари эрта баҳордан 6 минг 200 гектарга барака уруғи қадаб, бу йил ҳар гектар ердан 28,4 ўрнига 30 центнердан ҳосил олиш мақсадида меҳнат қилмоқда. Мавсумда салкам 18 минг тонна юқори навли қимматбаҳо хомашё етказиб бериш режалаштирилган.

– Сувдан самарали фойдаланиш, уни тежаш ва ўсимликларнинг яхши ўсиб, баравж ривожланишида ғўза қатор ораларига ишлов беришнинг аҳамияти ниҳоятда катта, – дейди “Politex Sirdaryo Сluster” масъулияти чекланган жамияти раиси ўринбосари Абдумажид Раимбердиев. – Айни пайтда ғўза қатор ораларининг ҳар гектарига 200 килограмдан минерал ўғит билан чуқур ишлов берилаётир. Бу сувдан фойдаланиш самарадорлигини, ўсимлик ўсишини яхшилаб, ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни 3-4 центнергача ошириш имконини беради. Туманнинг ер иқлим шароити заҳкашлигини ҳисобга олсак, бу агротехника самарали усуллардан бири эканлиги яққол намоён бўлади.
Ғўза қатор ораларига ишлов бериш тадбирини фермерлар асосан ўз техникалари ёрдамида амалга оширмоқда. Шу ўринда “Гулистон туман сервис МТП” давлат унитар корхонаси ҳисобида турувчи 50 дан ортиқ чуқур юмшатадиган техникадан ҳам фойдаланилмоқда. Тумандаги ғўза қатор ораларига ишлов бериш, яъни чуқур юмшатиш ишлари давом этаётир.