Пахта даласида биринчи терим баракали келди
Фермер хўжаликлари пахта далаларида теримчиларга яратилган шароитлар билан танишилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ҳудудда пахта йиғим-терими мавсуми юзасидан Оққўрғон туманида амалга оширилаётган ишларга бағишлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди.
Унда тумандаги соҳа мутахассислари томонидан журналистлар ва блогерларга жорий йилги йиғим-терим юзасидан атрофлича маълумот берилди. Фермер хўжаликлари пахта далаларида теримчиларга яратилган шароитлар билан танишилди.
Маълумотларга кўра, Оққўрғон туманида жорий йилда қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштирилди. 11 минг 300 гектар майдонда ғўза паваришланган бўлиб, жами 35 минг 360 тонна пахта хом ашёсини давлатга топшириш кўзда тутилган. Оққўрғонлик уста деҳқонлар ҳар бир гектар майдондан ўртача ҳосилдорликни 32 центнердан кам бўлмаслиги учун ҳаракат қилмоқда.
Айни кунларда оққўрғонлик деҳқонларнинг эрта баҳордан то кузга қадар қилган заҳматли меҳнати “оқ олтин”ли майдонларни кўрган кишининг завқи келади. Дастлаб журналистлар туманда биринчилардан бўлиб давлатга пахта сотиш режасини бажарган “Хатирчилик Абдулла” фермер хўжалигига қарашли пахта далаларида бўлди. Мазкур хўжаликнинг жами ер майдони 51 гектар бўлиб, шундан 25 гектарида ғалла, 26 гектарида эса ғўза парваришланган.
Ўз вақтида қилинган самарали меҳнат туфайли бугун фемернинг юзи ёруғ бўлди. Мавсумдаги саъй-ҳаракати билан бу йил пахтадан мўл ҳосил етиштирилди. Ҳозирги карантин даврида шартнома асосида туманда яшовчи аҳоли ишга ёлланган. Уларга меҳнат ҳақи кунбай тўлаб берилмоқда.
– Мавсум масъулиятини барча бирдек ҳис қилади, – дейди “Хатирчилик Абдулла” фермер хўжалиги раҳбари Шокир Рўзиев. – Режани амалда 74,5 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёсини қабул пунктларига топширдик. Туман ҳокимлиги, иккинчи сектор штаби томонидан зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳали пахта далаларимизда ҳосил мўл. Имкон қадар теримчиларга яхши шароит яратиб пахтани нес-нобут қилмасдан йиғиб олишга ҳаракат қиламиз.
Аслида қаерда моддий манфаатдорлик бўлса, ўша ерда иш унумли ва баракали бўлади. Журналистлар даладаги теримчиларга яратилган шароит билан танишди. Мароқли суҳбат теримчиларнинг ҳам, журналистларнинг ҳам кайфиятини кўтарди. Шунингдек, ОАВ вакиллари тумандаги “Қобул Агзам Файз” фермер хўжалигидаги ишчиларга яратилаётган шароитлар билан ҳам танишди. Фермер даласида теримчилар учун кунлик бепул иссиқ овқат ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинаяпти. Кунлик пахта терим ҳақи ўз вақтида берилмоқда.
Медиа-тур давомида навбатдаги манзил “Оққўрғон барака чеварлари” тикувчилик корхонаси бўлди. Бу ерда пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган замонавий корхона фаолияти хусусида маълумот берилди. Жорий йил фаолиятини бошлаган корхонада 300 нафарга яқин хотин-қиз ишли бўлади. Асосан болалар ва катталар учун кичим-кечак ишлаб чиқаради. Қўл меҳнати ва машина уйғунлигида яратилган бу маҳсулотлар харидоргир. Тез орада корхона жаҳон бозорига чиқадиган, ўзбек текстили салоҳиятини намоён этадиган яна бир йирик мажмуага айланиши кутилмоқда.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, Республика касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тикувчилик корхонаси учун қўшимча 200 дона замонавий тикув машинаси берилгани қўшимча иш ўрни яратиш ва иш самарадорлигини оширишига хизмат қилади. Жамоа келгусида фаолиятини янада кенгайтириш орқали тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сифатли кийим-кечаклар етказиб бериш ҳисобига қўшимча 50 та иш ўрни яратишни режалаштирмоқда.
Жорий йилда Тошкент вилояти бўйича 73 минг гектар ерда ғўза парваришланди. Шундан 18 минг 503 гектар далада терим жараёни машина орқали амалга ошади. Вилоят бўйича жами 142 та машина айни пайтда теримга шай. Хусусан, Оққўрғонда 28 та пахта териш машинаси бугун теримга бирин-кетин кирмоқда. Режа бўйича бу йил 56 минг 782 тонна ҳосилни машина ёрдамида йиғиб-териб олиш мўлжалланган. Тумандаги “АБС Оққўрғон агро кластер” далаларида ҳам машина терими бошланди. Журналист ва блогерлар жараён билан танишиш мақсадида, машина терими бўлаётган далага борди. Механизатор ва терим отрядлари фаолияти билан бевосита танишди.