“Ўзсувтаъминот” АЖда “Очиқ эшиклар куни”
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятида “Аксилкоррупция ойлиги” доирасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан жамоатчилик вакиллари, халқаро аудиторлик ташкилоти экспертлари, соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Тадбир иштирокчиларига соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунда Жамиятда коррупцияга қарши курашишга қаратилган 16 та ички идоравий ҳужжат ва тартиб-қоидалар қабул қилиниб, уларни ижросини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мисол учун, ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун тўловлар тизими тўлиқ онлайн шаклга ўтказилиб, кўрсатилаётган хизматларни рақамлаштириш ва “инсон омили”ни камайтириш орқали коррупцион ҳолатларнинг олди олинмоқда.
Жамиятда коррупциявий ҳолатларнинг содир этилиши юзасидан хабар бериш учун алоҳида алоқа каналлари (ишонч телефони, махсус Telegram бот, электрон почта манзили) ҳамда 24/7 режимда ишловчи 1255 ягона “Cаll-маркази” ташкил этилган.

Шунингдек, тадбир давомида “CERT INTERNATIONAL” халқаро ташкилоти раҳбари томонидан “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг тизим ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш ҳамда хизматлар сифатини ошириш йўналишида амалга оширилган ишлар аудитдан ўтказилди. Жамият ва унинг 9 та ташкилоти халқаро стандарт талаблари асосида коррупцияга қарши курашиш тизими ҳамда сифат менежменти талабларига мувофиқ деб топилгани таъкидланди.
Тадбир якунида Жамият ва унинг 9 та тизим ташкилотига халқаро ИСО 37001 ва ИСО 9001 сертификатлари топширилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири