Қадриятларга таянган тараққиёт сари боришни мақсад қилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий қадрият ва анъаналар, урф-одатларни асраб-авайлашга қаратилган қатор ташаббуслар билан сиёсий майдонга чиқмоқда. Айниқса, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни ҳимоялаш борасида муҳим таклифлар илгари сурилмоқда.
Партия оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида бўлишини, никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланишини, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратишини қўллаб-қувватлайди.
Оила институти ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида партия оилавий анъаналар, ахлоқий қадриятлар ва ҳуқуқий мезонларни такомиллаштириш, оила шаъни ва шавкати ҳимоячиси – эркакларнинг оиладан, бола тарбиясидан узоқлашишининг олдини олиш, “Оталар куни”ни ижтимоий-сиёсий кун сифатида байрам қилинишини таъминлашни илгари сурмоқда.
Шунингдек, ЎзМТДП эрта никоҳ, вояга етмаган қизларни унаштириш ёки “оғиз солиш” билан боғлиқ салбий удумларнинг олдини олиш, қадриятларимизга зид бўлган оила тушунчаси, гендер ўлчовларига қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлашга масъуллигини ошириш тарафдоридир.
Партиянинг Сайловолди дастури ҳамда унда илгари сурилаётган бу каби муҳим ҳаётий ташаббуслар ташвиқот жараёнларида кенг аҳоли вакилларига тушунтирилмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА