Маҳаллабай ишлаш дастури – иқтисодий барқарорлик ва аҳоли манфаатлари йўлида қўйилган яна бир қадам. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, ишсиз фуқаролар ва эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибор қаратишда ташкилий-молиявий кўмак беришнинг манзилли тизими ҳисобланади.
“Сайхунобод” тажрибаси асосида бошланган ташаббус доирасидаги ишлар бугун Тошкент шаҳрида ҳам тизимли равишда давом этмоқда. Тижорат банклари ҳамда маҳалла еттилиги ҳамкорлигида “маҳаллабай” ишлаш дастури асосида, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларидан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлашнинг самарали ечими топилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Тошкент шаҳар бош бошқармасига пойтахтимиздаги 147 та маҳалла бириктирилган бўлиб, “маҳаллабай” ишлаш дастури доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида шу кунгача 7 минг 600 нафар ишсиз фуқароларнинг доимий бандлиги таъминланган. - Давлатимиз раҳбари томонидан банклар олдига ҳар бир маҳалладаги кам таъминланган оилалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг даромадини ошириш бўйича кўмаклашиш вазифаси юклатилган эди, - дейди “Ўзмиллийбанк”АЖ Сергели БХМ бўлим бошлиғи Шаҳобиддин Абдуллаев. - Ушбу вазифалар асосида Сергели БХМга ҳам ҳудуддаги 13 та маҳаллалар бириктириб берилди. Ўрганишлар натижасида кам даромадли оилалар аниқланиб, аҳолини иш билан таъминланиши учун шароит яратдик.
Янги иш ўринларини яратишда тадбиркорлик субъектлари мамлакатимизнинг муҳим иқтисодий таянчига айланмоқда. Сергели тумани “Нурҳаёт” маҳалласи ҳудудида бўш турган бино “Ўзмиллийбанк” молиявий кўмаги ва тадбиркор ташаббуси билан эндиликда 10 нафар маҳалла аёлларининг бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маҳсулотларга бозордаги талаб анча яхши. Маҳалла ҳудудида бошланган яна бир бунёдкорлик ишлари ҳам энг аввало ҳудуд аҳолиси учун қўшимча иш ўринлари яратиш, қолаверса, ҳудудда таълим хизматлари сифатини оширишга қаратилган янги лойиҳа бўлди. Бу ерда йил якунига қадар “Ўзмиллийбанк” молиявий кўмагида 600 ўринли замонавий хусусий мактаб қад ростлайди.
- Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудудларда кичик тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали оилалар бюджетини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар қизғин амалга оширилмоқда, - дейди нодавлат мактабгача таълим ташкилоти директори Шоира Шодмонова. - Тўғриси, биз ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишни мақсад қилдик. Боғчамиз ёнида хусусий мактаб барпо этиш учун миллийбанкдан имтиёзли кредит олиб, бинони қуришни бошлаб юбордик. Мазкур мактабнинг биринчи босқичида 300 нафарга яқин, иккинчи босқичида ҳам 300 нафарга яқин ўқувчиларни таълимга қамраб олиш орқали 60 та янги иш ўринлари яратишни режа қилганмиз. “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан пойтахтимизда “маҳаллабай” ишлаш дастури доирасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ матбуот хизмати