Мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шундай экан, Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий таянч бўлган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда ёшлар томонидан илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга ошириш борасида давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари, тижорат банклари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз 2020 йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Лойиҳалар фабрикаси” томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишган эди. Давлатимиз раҳбари уларнинг фаолиятига юксак ишонч билдириб, ҳар битта вилоятда “Лойиҳалар фабрикаси”ни ташкил этиш юзасидан топшириқ берди.
Ушбу кўрсатмалар асосида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” акциядорлик жамияти Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда бир қатор вилоятларда “Лойиҳалар фабрикаси» фаолияти йўлга қўйилди.
“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Жиззах вилояти филиали негизида ташкил этилган “Лойиҳалар фабрикаси” ҳам аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ушбу соҳага истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларга тақдим этиш борасида самарали фаолият юритмоқда.
– “Лойиҳалар фабрикаси”ни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят филиали ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш шўъбаси мудири Ҳикматилла Жабборов. – “Лойиҳалар фабрикаси”нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
– муайян минтақанинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўсиш нуқталари, драйвер йўналишларини аниқлаб, унинг ривожланиш салоҳиятини таҳлил қилган ҳолда лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва тадбиркорларга тақдим этиш;
– Бизнеснинг ўзига хос хусусиятларини, ташаббускор молиявий тўлов қобилиятини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорликдаги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш;
- Лойиҳа таклифлари бўйича бирламчи ҳисоб-китобларни амалга оширади, тақдимотлар тайёрлайди, лойиҳа таклифларини маъқуллангандан сўнг улар бўйича бизнес-режалар ишлаб чиқади;
– Дастлабки ва якуний қарорлар, рухсатномалар ва лицензияларни олишда инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига ҳамроҳлик қилиш ва кўмаклашиш;
– Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ёш тадбиркорлик субъектлари лойиҳа-таклифлари асосида лойиҳа бизнес-режасини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатиш;
– Потенциал лойиҳаларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва уларни молиялаштириш қайтаришлик, тўловлилик, тезкорлик тамойиллари асосида амалга оширилиши бўйича тадбиркорларга консультатив хизматлар кўрсатиш;
– тадбиркорларнинг Бизнес ғоялари маъқулланган тақдирда уларни руёбга чиқариш учун зарур ҳужжатлар тўпламини шакллантиришда доимий ёрдам ва маслаҳат бериш;
– Банклар, индивидуал ва институционал маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни ўз ичига олган потенциал молиялаштириш манбаларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
– “Лойиҳалар фабрикаси” барча филиаллари ўртасида потенциал лойиҳалар ва инвесторлар ягона маълумотлар базасини яратиш;
- Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва уларда бизнес кўникмаларни шакллантириш бўйича семинар-тренинглар ташкил қилиш ва бошқалар.
Жиззах вилоятида фаолият юритаётган “Лойиҳалар фабрикаси”да иш юритиш учун барча шароит яратилган. Жумладан, Президентимиз ва ҳукуматимизнинг ёшлар сиёсати, тадбиркорлик, умуман тизимга оид барча фармон, қарор ва фармойишлари, “бизнес”, “банк”, “иқтисодиёт”, “тадбиркорлик”, “бозор иқтисодиёти” ва бошқа шу каби мавзуларга оид зарур ҳужжат ва адабиётлар мавжуд.
– Ўтган қисқа вақт мобайнида 18 та лойиҳамиз тасдиқланди, – дейди “Лойиҳалар фабрикаси” менеджери Умид Абдусатторов. – Тақдим этилган лойиҳаларнинг асосий қисми Ўзбекистон учун янгилик десам муболаға бўлмайди. Жумладан, гўштли чипслар ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва савдога чиқариш лойиҳасини олайлик. Умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 900 миллион сўмини банкнинг 3 йиллик имтиёзли даври билан 7 йиллик 14 фоизли кредит маблағлари, қолган қисмини тадбиркорнинг шахсий маблағи ташкил этади. Ушбу ўзига хос кичик корхона фаолиятини бошласа 12 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
– Ботаника галереяси ва лабораторияси лойиҳамиз ҳам ҳали ҳеч қаерда жорий этилмаган, – дейди “Лойиҳалар фабрикаси” менеджери Шаҳло Ҳошимова. – Ушбу лойиҳа орқали ернинг ҳолати, балл бонитети қай даражада эканлиги, бу ерга қайси экинни экканда кўпроқ фойда олиш мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилади. Қолаверса, бу лойиҳа асосида яратилган сунъий флора майдончасида умумтаълим, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари амалиёт ўташлари мумкин. Лойиҳанинг қиймати 800 миллион сўмни ташкил этади. Бу лойиҳа ишга тушгач 10 нафар йигит-қиз иш билан таъминланади.
– “Лойиҳалар фабрикаси”да яратилган ғоя бўйича “WESTERN-EASTERN TRUCKS” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этяпман, – дейди жиззахлик ёш тадбиркор Алишер Адҳамов. – Корхонамиз Шароф Рашидов туманида фаолият юритади. Айни пайтда бу ерда зарур таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу лойиҳа вилоят учун ўзига хос янгилик. Бошқа енгил автомобилларга хизмат кўрсатиш салонларидан фарқли ўлароқ, бу ерда оғир ва юк транспорт воситаларига диагностика хизмати кўрсатиш йўлга қўйилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 160 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 760 миллион сўми оилавий маблағимиз, 400 миллион сўмини 3 йиллик имтиёз билан 7 йиллик 14 фоизли банк кредит маблағлари ташкил этади. Лойиҳа асосида банк белгиланган маблағни ўтказиб берди. Россиядан барча зарур жиҳозлар олиб келиб ўрнатилади. Энг асосийси 7 нафар тенгқурларим доимий иш ўрнига эга бўлади.
– Мен Ғаллаорол шаҳарчасидаги “Кафолот-101” хусусий корхонаси раҳбариман, – дейди “Лойиҳалар фабрикаси”га келган ташаббускорлардан бири Отабек Ўроқбоев. – Корхонамиз мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уй, ошхона, офис, мактаб, боғча ва умуман ташкилотлар учун буюртма асосида мебель ишлаб чиқарамиз. Ҳали иш бошлаганимизга унчалик кўп бўлгани йўқ, аммо ўз мижозларимизга эгамиз. Айни пайтда, корхонада ўзим билан биргаликда 5 киши меҳнат қилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 940 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 540 миллион сўми шахсий маблағимиз эвазига, 400 миллион сўми “Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах филиалининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига ташкил этилмоқда. Яқин кунларда олиб келиниши режалаштирилган “Ровер”, “Фрезер”, “Крошка” каби Хитойда ишлаб чиқарилган станоклар мебелга турли гул нақшлари, мебель бурчакларини фигурали қилиб чиқариш ва бошқа яна бир қатор безакларни ўзимиз бажариш имконини беради. Бу маҳсулот жозибадорлиги, хусусан харидоргирлигини янада оширади. Қолаверса, миқдор ва сифат ҳам ортиб, яна 5 та иш ўрни яратилади. Келгусида ўзимизнинг фирма дўконини очишни режалаштирганмиз. Бу борада доимий мижоз сифатида “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят филиали кўмагидан фойдаланамиз.
“Лойиҳалар фабрикаси” ғоялари асосида фаолият бошлаб, бир неча ўнлаб ёшларни иш билан таъминлаган Абдурашид Сулаймонов раҳбарлигидаги Зомин туманидаги “Қайнар чашма” МЧЖнинг 200 тонналик музлаткичли омборхонаси, Жамшид Жалилов раҳбарлигидаги “Олмасжон Толмасжон” МЧЖнинг 43 гектарли интенсив олмазори ташкил этилган.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” Жиззах филиали “Лойиҳалар фабрикаси” билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни тақдим этишни давом эттирмоқда.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА