Ўзмиллийбанк туризм ривожига кўмаклашмоқда
Ўзига хос қадриятлари, бетакрор анъаналари, ҳунармандчилик намуналари, завол топмас санъати ва бой маданияти билан умрбоқий шаҳар номига сазовор Хива дунё эьтибори ҳамда эътирофи марказида. Қолаверса, Хива шаҳрига тарихий биноларининг салобатли қиёфаси ҳам ҳашамдорлик бахш этиб туради. Қадимийлиги билан сайёҳларни жалб этади. Шу боис аввал хабар берганимиздек, 14-15 сентябрь кунлари “Ўзмиллийбанк” АЖ матбуот хизмати ташаббуси билан Хива шаҳрига ОАВлари ходимлари иштирокида пресс-тур ўтказилди.
Тадбирнинг илк кунида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган банк мижозлари, тадбиркорлик субъектлари билан танишилди. Пресс-турнинг иккинчи, яъни 15 сентябрь куни иштирокчилар банкнинг туризмни қўллаб-қувватлаш борасида Хива шаҳрида олиб бораётган ишларига гувоҳ бўлишди. 160 нафар меҳмонга хизмат кўрсатадиган “Фаровон Хива” меҳмонхонаси 7 гектарлик майдонда қад кўтарган. Меҳмонхонанинг ташқи ва ички кўриниши, хоналарининг ҳар бир майда деталигача олий тоифали дизайнер-инженерлар томонидан махсус ишлаб чиқилган. Умумий хоналарнинг сони 106 та бўлиб, улардан 6 таси давлат раҳбарлари ва юқори мартабали меҳмонларни кутиш учун мўлжалланган. Ундан ташқари, меҳмонхонада бассейн, фитнес зал, ресторанлар ва турли хил тадбирларни ўтказиш учун ўнта конференция заллари мавжуд. Жами 168 нафар ишчи – ходим ишламоқда.
[gallery-13611]
“Farovon Khiva” меҳмонхонаси барча меҳмонларни бевосита яхши кутиб олиш билан бирга, уларга тақдим этиладиган барча хизматларни энг юқори даражада кўрсатади ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб бера олади. Журналистлар пресс-тур давомида меҳмонхона хизматлари ва бу борада туристларнинг фикри билан қизиқди. Хорижлик меҳмонларнинг илиқ таассуротлари журналистлар диққат марказида бўлди. Шунингдек, пресс-тур давомида Хива шаҳрида жойлашган Нуриллабой саройи ҳам кўздан кечирилди. Журналистлар Хива хонларининг ёзги қароргоҳи бўлган тарихий объектнинг бугунги қиёфаси, туристик имкониятлари ва тарихий экспонатлари билан қай даражада бойитиб борилаётганлиги тўғрисидаги маълумотлардан хабардор бўлдилар. Хулоса қилинадиган бўлса, Ўзмиллийбанк матбуот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда қатнашган ОАВлари ходимлари банкнинг ҳудудларда амалга ошираётган янгидан-янги лойиҳалари, шунингдек, туризмни қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзига хос ташаббусларига гувоҳ бўлишди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(Сурат) ЎзА