Коррупция ҳар қандай соҳа тараққиётида тўсиқ бўлиб, жамиятни иқтисодий, маънавий таназзулга олиб келади. Шунинг учун мамлакатимизда унга қарши курашиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш йўналишини шакллантириш, шунингдек, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Банк бошқаруви раисининг буйруғига асосан Ахборот ва банк хавфсизлиги департаменти таркибида Комплаенс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ташкил этилди. Кўп йиллик тажриба ҳамда малакага эга бўлган раҳбар ва ходимлардан иборат бошқарма шахсий таркиби шакллантирилди.
Банкнинг коррупцияга қарши курашиш йўналиши бўйича Бош офис ва филиаллар ходимлари малакасини ошириш, халқаро тажрибалар асосида коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш бўйича халқаро CERT Академиясини жалб қилган ҳолда “ISO 37001” стандарти бўйича банкнинг 27 нафар ходимига сертификатлар олинди. Бундан ташқари, 2023 йил 4 январдаги “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимларини 2023 йилда “Коррупцияга қарши курашиш” йўналиши бўйича ўқитишни ташкил этиш тўғрисидаги фармойиши асосида Бош офиснинг кредит, чакана бизнес, давлат дастурлари ва аграр секторни молиялаштириш департаментлари ҳамда Ипотека кредити бошқармаси ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази томонидан мунтазам равишда семинар машғулотлари ўтказилмоқда.
Ўз навбатида Банкнинг барча вилоят ва туман филиаллари ҳамда банк хизматлари марказларида ҳам “Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзуларида онлайн мулоқотлар ташкил этилмоқда. Мақсад банк соҳасида коррупцион ҳолатлар олдини олиш орқали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мижозлар билан муносабатларда иш вазифасига тааллуқли бўлмаган ҳодисалар иштирокчисига айланиб қолмасликдан иборат. Зотан, ушбу иллат ҳар қандай банкнинг имиджи ва мавқейига путур етказиши мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи махсус алоқа каналлари, расмий веб-сайтда эса алоҳида бўлим ташкил этилган. Банкнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тегишли ҳаволалар бериб борилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ ходимларининг коррупция иллати ва унинг оқибатларидан хабардор қилиш, ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида Банкнинг бош офиси ҳамда филиалларида аксилкоррупция бурчаклари ташкил этилиб, уларда слайдлар, инфографика ва бошқа инновацион кўринишдаги маълумотлар жойлаштирилди.
“Ўзмиллийбанк” АЖнинг бир қатор ички меъёрий ҳужжатлари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари талабларига мослаштирилди. Шу билан бирга, банк тизимидаги маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш, банк хизматлари тезкорлигини ошириш ва соддалаштириш, масофадан туриб хизмат кўрсатишни кенгайтириш, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тизимларини янада такомиллаштириш бўйича таркибий тузилмалар билан биргаликда тегишли янги ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, амалдагиларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Албатта, амалга оширилаётган бу каби ишларнинг кўлами кенг ва унинг мунтазамлигини таъминлаш жуда муҳим. Таъкидлаш жоизки, “Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида коррупцион ҳолатларни бартараф этишда барча ходимлар қатнашишлари, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари муҳим ҳисобланади. Шу боис ҳар бир банк ходими зиммасига ўз лавозим мажбуриятларига масъулият билан ёндашиш, ички тартиб-тамойилларни бузмасдан, холисона бажариш вазифа топширилган.
Мухтасар айтганда, Ўзмиллийбанк амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ҳалоллик ва шаффофлик асосида ишлаш, доимий равишда янгиликлар билан ҳамнафас бўлишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати