Ўзмиллийбанк кредити ўз самарасини берди
Бухорода “Poykent Bukhara” бренди остида фаолият юритаётган меҳмонхоналар “Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида ташкил этилган.
Президентимиз томонидан туризмни ривожлантириш бўйича яратилган имконият ва берилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш натижасида Бухорода ўтган 2020 йилда 6 та янги туристик компаниялар рўйхатга олинган.
Уларнинг сони 2016 йилга нисбатан 3,8 баробарга ортиб, жами 121 тага етган. 793 ўринли 12 та янги меҳмонхоналар 147 ўринга мўлжалланган 17 та меҳмон уйлари фойдаланишга топширилган.
139 та янги объектлар ишга туширилган. 1 минг 570 та ўринга мўлжалланган 12 та замонавий ресторан, 4 та йўл бўйи туризм инфратузилма объектлари фаолияти йўлга қўйилган. Зиёрат туризми объектлари сони 27 тага етказилган. 37 та туристик автотранспорт воситалари келтирилган. Уларнинг сони 2016 йилга нисбатан 15,6 бараварга кўпайган. Жами сони 281 тани ташкил этмоқда.
Вилоятда “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан туризм соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшувчи қатор истиқболли лойиҳалар молиялаштирилмоқда.
Банк томонидан кўрсатилган 10 миллиард сўм миқдоридаги молиявий кўмак ёрдамида “MUXABBAT XAYRI SAXOVAT” МЧЖ томонидан “Poykent Bukhara” бренди остида фаолият юритувчи меҳмонхоналар тармоғи ташкил этилди.
[gallery-1888]
Меҳмонхоналар вилоятнинг энг машҳур зиёратгоҳларидан бири бўлган “Етти пир зиёратгоҳлари” йўналиши, яъни, Шофиркон тумани “Хожа Ориф Моҳитабон зиёратгоҳи”, Вобкент тумани “Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳи”, Когон тумани “Ҳазрати Миркулол зиёратгоҳи”, Когон тумани “Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳи” ҳудудларида ташкил этилган.
–14 та хона, 35 кишига мўлжалланган стандарт хоналар мавжуд, – дейди Когон тумани “Ҳазрати Миркулол зиёратгоҳи”да жойлашган “Poykent Bukhara”меҳмонхона ходими Сайфулло Нуриллаев. – Меҳмонхонада 6 киши ишлайди. “Poykent Bukhara” бренди остида фаолият юритувчи меҳмонхоналар тармоғи “Етти пир”нинг Шофиркон, Вобкент, Когон туманларида жойлашган. Меҳмонхонамизга маҳаллий сайёҳлар билан бирга чет эллик яъни Афғонистон, Қозоғистон давлатларидан ҳам меҳмонлар келмоқда. Учала меҳмонхона 2019 йилдан бошлаб иш бошлади. Меҳмонхоналар ҳалол меҳмонхона категория сертификатини қўлга киритган. Ўзим 2020 йилда Бухоро давлат университетининг Туризм факультетини битириб қишлоғимда ташкил этилган “Poykent Bukhara” бренди остидаги меҳмонхонага ишга жойлашдим. Бундан жуда хурсандман. 2 миллион сўмгача ҳар ой вақтида ойлик оляпман. Оиламга, ота-онамга кўмаклашаяпман.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА