Атлас ва адрас ёрқин ранглари, такрорланмас нақшлари билан кишига хуш кайфият бағишлайди. Миллий матоларимизнинг мухлислари бугун бутун дунёда топилади. Аслида миллийлик ҳар бир халқ маънавий бойлигининг ажралмас қисми. Шу боис сўнгги йилларда ана шу қадриятлар занжирини давом эттириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ҳар йили юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Хон атлас ҳафталиги” тадбирлари ана шу жиҳатларни ўзида намоён этади. Жорий йилнинг 9-14 сентябрь кунлари юртимиз бўйлаб ўтказилаётган навбатдаги “Хон атлас ҳафталиги” тадбирларида “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Замонавий банк ходими тасвирини яратишда миллийлик элементларини қўшиш ғоясини мамнуният билан қўллаб-қувватлади.
Ташкилотнинг хотин-қизлар жамоаси қатъий кийиниш қоидаларига миллий атлас ва адрас либосларини уйғунлаштирди. Бу эса ўз навбатида, ходимлар қиёфасига жозиба ва миллий мерос билан фахрланиш ҳиссини уйғотди. Кийимларга ёрқин рангларни киритиш инсон руҳиятига ижобий таъсир этиб, ёрқин муҳитни яратади. Буни банк ходимлари ва мижозлари алоҳида таъкидлади.
– Банкка кириб келишим билан кўзим қувнади, – дейди банк мижози Малика Парпиева. – Соҳа ходимларининг миллий либоси ҳавасим ва ифтихоримни оширди. Бу каби фестивалларнинг ташкил этилиши ўсиб келаётган ёш авлод қалбида миллий қадрият, анъана ва урф одатларга нисбатан ҳурматни оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
“Хон атлас” миллий либослар ҳафталиги “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг вилоятлардаги банк филиалларида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.
Нилуфар Бозорова,
Аслиддин Алижонов сурати ЎзА