“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойили... Хонадонларга файз, кўчаларга орасталик, маҳаллалар кўркига-кўрк бағишлаган эзгу ташаббус. Пойтахтимизнинг Олмазор тумани “Сой бўйи” сайилгоҳи ҳам айни шу хайрли ташаббус натижаларидан бири ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг Тошкент шаҳридаги каналлар бўйини ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун қулай шароит яратиш бўйича топшириқлари ушбу ҳудуд манзарасида ҳам ўз аксини топган. Туман ҳудудидан ўтувчи “Дамаши” каналининг 2,5 километр қисми қирғоқлари бетонлаштирилиб, пиёдалар ва велойўлаклар ташкил қилинган. Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик дастури доирасида кредитлар ажратилиб, хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталари фаолияти йўлга қўйилган. Энг эътиборлиси, бунинг натижасида ҳудуд аҳолиси учун янги иш ўринлари яратилмоқда.
– Туман ҳудудида Қорақамиш соҳилбўйи 24/7 гастрономик кўчаси ташкил этилди, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Тошкент шаҳар Себзор банк амалиёт маркази бошқарувчиси ўринбосари Анвар Нажимов.– Айнан ушбу жойда ҳозирда 30 дан ортиқ тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Банк томонидан молиялаштирилган тадбиркорлик объектлари аҳолига сифатли хизмат кўрсатиши ва мароқли ҳордиқ чиқариши учун янада кенг қулайликларни яратиш мақсадида бир қатор истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида бу ерда мунтазам равишда маданий ва кўнгилочар тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шу боис “Сой бўйи сайилгоҳи” бугун чин маънода маҳалла аҳлининг, айниқса, ёшлар ва болажонларнинг севимли масканига айланган.
– Албатта, яшаётган ҳудудинг қанчалик кўркам, файзли бўлса, кайфиятинг, ишинг, ҳатто оиланг ҳам фаровонлашиб боради, – дейди Сойибхўжа Маликов. – Яқингача бу ерларда кўзни қувонтирадиган манзаралар йўқ эди. Аммо “Ўзмиллийбанк” АЖнинг ташаббуси билан кўчамиз шу ерлик аҳоли фахрланадиган қиёфа касб этди. Айниқса, ёз мавсумида ёшу кекса кўчада сайр қилиши, болажонларимиз мириқиб ўйнаши ва дам олиши учун керакли шароитлар яратилди. Тунги ёритгичлар ўрнатилган ойдин кўчаларимизда ҳар биримиз юртимиз тинчлигига шукур қилиб, чароғон тунларда оиламиз билан осойишта яшаётганимиздан қувонамиз.
Юрт ободлиги аслида ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадон фаровонлигидан бошланади. Бугун маҳаллаларда амалга оширилаётган ободлик йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳияти ҳам аслида шунда. “Ўзмиллийбанк”АЖ эса бу жараёнда муносиб ва фаол иштирок этишда давом этади ва истиқболли ташаббусларни доимо қўллаб-қувватлайди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати