Пойтахтимиздаги Вебстер университетида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда эътироф этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимиз олий таълим соҳаси ривожига қаратилаётган эътибор ёшларни таълимнинг ушбу босқичи билан тобора кўпроқ қамраб олиш, касбий билим ва малакасини ошириш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб ва эҳтиёж катта бўлган юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда.
Меморандумнинг имзоланиши академик таълим ҳамда бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши йўлидаги муҳим қадамдир. Шу билан бирга ушбу ҳамкорлик талабалар ва университет ходимлари учун қўшимча имкониятлар ҳам яратади. Айтиш керак, ушбу ҳужжат банкнинг мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртлари билан биргаликда имзоланган 12- қўшма битими саналади. Маълумотларга кўра, шундай келишувлар сабабли жорий йилнинг ўзида кўплаб талабалар банкда амалиёт ўтаган.
Мулоқот давомида “Ўзмиллийбанк” АЖ ва Тошкент Вебстер университети ҳамкорлигида соҳа учун мутахассислар тайёрлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Айниқса, маъмурий ишбилармонлик, иқтисодиёт, медиашунослик, халқаро муносабатлар, бошқарув ахборотлар тизими каби истиқболли йўналишларда таҳсил олаётган талабаларга бугунги кунда банк-молия тизимида эҳтиёж катталиги қайд этилди.
– Дарҳақиқат, бугунги кунда мазкур университетни битираётган ёшларга талаб ҳар доимгидан кучлироқ, – деди Вебстер университети ректори Антони Жарвис. – Олий таълим муассасамизда маҳаллий кадрлар билан бирга чет эллик ўқитувчилар ҳам самарали меҳнат қилмоқда. Мазкур меморандумнинг имзоланиши ҳамкорлигимизнинг тобора мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу эса биргаликда кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга муҳим асос бўлади.
Маросимда таъкидланганидек, ушбу меморандум талабаларнинг университетда олган билимларини амалиётда қўллаш салоҳиятини янада кенгайтириш, биргаликда ўқув дастурларини яратиш, жумладан, университетнинг етакчи хорижий педагоглари томонидан банк ходимлари учун маърифий курслар, маърузалар, семинарлар ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, бундай ҳамкорлик мамлакат иқтисодиёти ва жамият ривожида устувор ўрин эгаллайди. Академик таълим ва бизнес ўртасидаги ҳамкорлик ёшларнинг келгусида соҳа бўйича янги марраларни эгаллашида муҳим пойдевор бўлади.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (суратлар), ЎзА мухбирлари