“Тун.Туш.Тонг”. Халқимизнинг мустақилликка эришгунга қадар ҳаётини мажозий маънода айнан шу уч сўз замирида акс эттириш орқали унинг оғир қисмати, маънавий-маърифий бўҳронлар ичидаги инқирози ва истибдодга қарши кураши, туш сингари пинакка кетган қатламини уйғотиш йўлидаги ҳаракатлар ҳамда ундан ва ниҳоят уйғонишини мажозий ташбеҳлар, тарихий фактлар, ҳужжатлар орқали ифодалаган кўргазма, энг аввало, ноанъанавий мавзуси билан омма эътиборини тортди.
Жорий йилнинг 18 январь куни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Туркистондаги жадидчилик ҳаракатига бағишланган кенг кўламли "Хотира йўлаги" кўргазмаси очилди. Кўргазма Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси Тарих институти ва Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Айтиш жоиз, мазкур кўргазма, ХIХ асрнинг охири ва ХХ аср бошларидаги Туркистон тарихига, айниқса, жадид маърифатпарварларининг таълим ислоҳотлари, жамият тараққиётига қаратилган фикрлари ва ҳуқуқий демократик давлат қуриш ҳаракатларига бағишланган материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини тақдим этади. Жадидчилик ҳаракатининг турли қирраларини ўрганишни ўз ичига олган “Хотира йўлаги” кўргазмаси жадидларга тегишли расмий ҳужжатларни, уларнинг фотосуратлари ва шахсий буюмларини намойиш этиб, бу ҳаракат аъзоларининг миллий ўзлик, мустақиллик ва давлатчилик ғоялари шаклланишидаги муҳим аҳамиятини кўрсатиб беради.
Шунингдек, кўргазмада Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлишига сабаб бўлган омилларга катта эътибор қаратилган. Бундан ташқари, ўша даврнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, янги услубдаги мактабларнинг фаолият юритиши, матбуот фаолияти, гендер тенглик масалалари ва жадид маърифатпарварлари фаолиятининг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақидаги алоҳида бўлимлар ҳам ўрин олган.
–Хабарингиз бор, 2023 йилнинг 11-12 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Жадидлар, миллий ўзлик, давлатчилик ва истиқлол ғоялари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, – дейди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Акромжон Фозилов. – Унда 40 дан ортиқ хорижлик иштирокчилар ва 10 дан ортиқ давлатнинг профессор олимлари қатнашган эди. Шу конференция учун махсус тайёрланган “Хотира йўлаги” кўргазмаси бугун халқимиз, ёшларимиз ва зиёли қатлам учун яна ўз ишини бошлади. “Тун. Туш. Тонг” концепцияси асосида қурилган бу кўргазмада жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиши, фаолияти ва натижаси хусусида ўзига хос тарзда сўз юритилади. Ушбу кўргазмада кўпчилик учун таниш экспонатлар билан бир қаторда, илк бор намойиш этилаётган тарихий суратлар ҳамда ҳужжатлар ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. Бир сўз билан айтганда, кўргазмада тарих ва санъат, маданият ва маърифат уйғунлигини кўриш мумкин.
Кўргазманинг илк очилиш кунида ОАВ, зиёлилар ва санъат ҳамда маданият вакиллари иштирок этди.
– Бундай кўргазмада илк бор иштирок этишим, –дейди Ўзбекистон Миллий университетининг тарих факультети талабаси Ойдин Ашурметова. – Тўғриси менда жуда катта қизиқиш уйғотди. Сабаби ўқиш бошқа, кўриш бошқа экан. Бу ердаги экспонатлар ва ўша даврга хос бўлган муҳит мени жуда катта ҳаяжонга солди.
“Хотира йўлаги” кўргазмаси Ўзбекистон тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, ўтмиш билан яқиндан танишиш ва ўша даврнинг руҳини ҳис қилиб, ҳозирги замон билан қиёслаш имконини беради. Кўргазма, шунингдек, бизнинг бой тарихий меросимизни сақлаш ва уни оммалаштиришга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида 18 январдан 18 февралгача давом этади.
“Ўзмиллийбанк”АЖ,
Матбуот хизмати