“Ўзмиллийбанк” АЖ: талабалар учун тақдимот
Ҳозирги кунда ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва меҳнатга оид қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда, ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Тошкент молия институти “Банк иши ва ҳисобот” факультетида битирувчи талабалар учун тақдимот ўтказилди.
Талабаларга “Ўзмиллийбанк” АЖ Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб SAP HCM ва SRM дастурларни хорижий консультантлар ёрдамида татбиқ этилаётганлиги ва ушбу лойиҳаларга иқтисодий ва IT йуналишлари битирувчиларни танлов асосида қабул қилинаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Банкда олиб борилаётган трансформация жараёнида ёш, иқтидорли ва ўз ғоялари билан янгиликлар киритмоқчи бўлган мутахассисларга талаб катталиги таъкидланди. Бўлажак кадрлар тақдимот билан танишиш, энг муҳими, иш берувчиларнинг вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш ва ўзлари учун барча керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлди.
Суҳбат давомида банк мутахассислари томонидан номзодларга ишга қабул қилиш тартиб-қоидалари, иш ҳақи тўланадиган амалиёт ўташ шартлари, банк томонидан яратиб бериладиган имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Шунингдек, “Ўзмиллийбанк” АЖ да устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилганлиги ва ишга қабул қилинган талабаларга малакали мутахассис бўлиб шаклланиши учун зарур имкониятлар яратиб берилиши алоҳида қайд этилди. Битирувчи талабалар тақдимотга катта қизиқиш билдириб кўплаб саволлар берди.
Таъкидлаш керакки, бу сингари тақдимотлар олий таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, талабаларнинг ҳозирги вақтда банк-молия соҳасида ўтказилаётган лойиҳалар билан танишиш имконини беради. Зеро, мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон” ни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
[gallery-7476]
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати