“Ўзмиллийбанк” АЖ: тадбиркорликни рағбатлантириш замонавий ёндашув тамойили
Аввал хабар берганимиздек, “Ўзмиллийбанк”АЖ матбуот хизмати ташаббуси билан ОАВ вакиллари иштирокида Фарғона вилояти бўйлаб Пресс-тур ташкил этилди. Натижада журналистлар Банкнинг молиявий кўмаги асосида ишга тушган истиқболли лойиҳалар фаолияти билан танишиш имконига эга бўлишди.
Фарғона вилоятининг Риштон тумани нафақат уста ҳунармандлар, шунингдек зиёли, тадбиркорлар юрти эканлиги билан ҳам ўз мавқейини мустаҳкамламоқда. Хусусан, ҳудудда фаолият юритаётган “DIAMOND EDUCATION” хусусий таълим муассасаси мисолида айни шу жараённинг амалий тажрибасига гувоҳ бўлинди.. Тадбиркор томонидан лойиҳани амалга ошириш жараёнида банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағидан фойдаланиш орқали таълим муассасаси жаҳон андозалари даражасида жиҳозланди.
Нодавлат таълим ташкилоти раҳбари Жаҳонгир Орифжоновнинг қайд этишича, 2024-2025 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаган масканда 5-11 синфларда 150 нафар ўқувчига биология, кимё, хорижий тиллар фанларидан чуқурлаштирилган ҳолда билим берилади. Шунингдек, бу ерда абитуриентлар учун ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ҳам келиб ўқишади.

Ҳозирда банк кредити ҳисобига 200 ўринли ётоқхона, ошхона қуриш бўйича бизнес-лойиҳа тайёрланмоқда. Шу тариқа 500 ўринга мўлжалланган янги авлод таълим муассасасида 1-синфдан бошлаб ўқувчиларни қабул қилиш, битирувчиларни дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқишини таъминлаш режалаштирилган. Яқин истиқболда кулолчилик, гастрономик туризм сингари таълим соҳасида ҳам Риштон туманининг ўзига хос брендини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Фарғона вилоятининг дилбар табиати, тоза ҳавоси, тўрт фаслда ҳам қулай иқлим шароити ҳудуднинг ўзига хос ташриф қоғози ҳисобланади. Айни пайтда вилоятда ноёб табиати ҳамда шифобахш неъматлари билан машҳур бўлган 20 дан ортиқ сиҳатгоҳ-санаторийлар фаолият кўрсатаётгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Бу хусусида гап кетганда, Фарғона, Олтиариқ ҳамда Бешариқ туманларининг сўлим табиат масканларида жойлашган санаторийларни эсга олиб ўтиш ўринлидир. Бу борада қулай тадбиркорлик муҳити ва инвестициявий жозибадорлик яратилгани туфайли кейинги йилларда ушбу йўналишда ҳам хусусий тармоқ фаолияти жадал ривожланмоқда.


Бешариқ туманида жойлашган “Беш чашма” сиҳатгоҳи ҳам хусусий тармоқ ривожига қаратилган эътибор ва рағбат туфайли иш бошлаган ана шундай дам олиш масканларидан бири дейиш мумкин. 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида янгидан иш бошлаган мазкур сиҳатгоҳнинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ банкдан кредит сифатида ажратилган. Муассасада ҳозирда 130 та иш ўрни мавжуд.
—400 ўринга мўлжалланган сиҳатгоҳимизда ошқозон, буйрак касалликлари профилактикасида фойдали бўлган маъданли сув, физиотерапия, туз, ҳижома сингари 20 га яқин даволаш муолажалари бор,—дейди бош шифокор Жаҳонгир Рўзматов.—Шу сабабли сиҳатгоҳга мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, қўшни давлатлар, ҳатто Туркиядан ҳам даво истаб келишади.

Меҳнат фахрийси Матлуба Шерматова Фарғона шаҳридан келиб, қон босими, юрак фаолиятини яхшилаш, касалликлар профилактикаси борасида мароқли ҳордиқ чиқараётганини таъкидлайди. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Фазлиддин Каримов оила аъзолари билан бирга ушбу сиҳатгоҳни танлаб, мамнунлигини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, бевосита туризм йўналишига қаратилаётган эътибор ва рағбат туфайли ўтган йили Фарғона вилоятига 480 мингга яқин чет эллик сайёҳлар ташриф буюрди. Меҳмон уйлари 264 тага ҳамда юлдуз тоифасидаги меҳмонхоналар сони 10 тага етказилди. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этиш бўйича Қўқон ва Марғилон шаҳри, Риштон тумани вилоятда етакчи ҳудудлар сирасига киради.
Қўқон шаҳридаги “Олтин водий” меҳмонхонаси уч юлдузли тоифага киритилган бўлиб, 80 ўринга мўлжалланган. Меҳмонхона раҳбари Маҳмудхўжа Акбархўжаевнинг маълум қилишича, Ўзмиллийбанкнинг 2 миллиард 700 миллион сўм кредити эвазига бир, икки ва уч кишилик хоналар, тантаналар зали, спорт-соғломлаштириш мажмуалари жаҳон андозалари даражасида жиҳозланди.
Лойиҳанинг кейинги босқичи доирасида меҳмонхона фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 600 миллион сўмлик бизнес-лойиҳа тайёрланиб, банкка тақдим этилди. Шу йилнинг сентябрь ойида Қўқонда халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, нуфузли анжуман олдидан меҳмонхонада кенг кўламли мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.


Бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилояти бош бошқармаси тасарруфида 5 та банк хизматлари маркази фаолият кўрсатади. Жумладан, Қўқон банк хизматлари маркази томонидан ўтган йилнинг ўзида саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида 70 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 700 га яқин юқори даромадли янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Қўқон банк хизматлари марказида 28 минг 441 нафар мижозга хизмат кўрсатилади. Мижозларга тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 9 та банкомат, 1 та АДМ қурилмаси, 362 та савдо терминали дислокация қилинган. Бундан ташқари, аҳолига пластик карталар амалиётини янада соддалаштириш учун 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 2 та шохобча хизмати ташкил этилган.
Банк хизматлари марказида инновацион хизматлар кўрсатиш ҳажми тобора ортиб боришига ҳисобига айни пайтда мижозларнинг 90 фоизи масофадан бошқариладиган хизматлардан фойдаланиш имконига эга. Бу борада ҳисобрақамлар орқали банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит олиш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда ҳар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни бажариш, омонатни расмийлаштириш, хорижий валюталардаги амалиётлар, пул ўтказмалари каби тезкор ҳамда ишончли банк хизматларидан фойдаланиш мумкин.

—“Маҳалла банкири” тамойили асосида бизга Бувайда ва Бағдод туманида жойлашган 21 та МФЙ бириктирилиб, жорий йилда “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси доирасида 5 миллиард сўм, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 15 миллиард сўм, умуман олганда, бу йил барча манбалар ҳисобидан 348 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Бу йил мобайнида 5 мингта иш ўрни яратиш имконини беради,—дейди Қўқон банк хизматлари марказининг бошқарувчи ўринбосари Ойбек Мақсудов.—Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш мақсадида бириктирилган маҳаллалар ихтисослашувидан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида драйвер лойиҳаларни танлаб олиш ва кредит ажратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ўз навбатида Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон тажрибаси асосида аниқ йўналишлар белгилаб олинган бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш борасида молиявий ресурслардан унумли фойдаланилмоқда.

—Ўзмиллийбанкдан 50 минг доллар кредит олиб, замонавий усулда қадоқлаш, саралаш технологиялари олиб келганмиз,—дейди “Агро экспорт” оилавий корхонаси раҳбари, ёш тадбиркор Зуҳриддин Ҳазратқулов.—Натижада йиллик экспорт ҳажми 5 миллион долларгача етиб, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Россия бозорида қуруқ мевалар ҳамда дуккакли маҳсулотларимиз аллақачон харидоргир бўлиб улгурди.
Яқинда Хитойга бориб ўзаро тажриба алмашиш жараёнида янги ҳамкорлар топиб, 60 миллион доллар инвестиция киритиш бўйича келишувга эришилди. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлари чоғида билдирган ишончидан руҳланиб, экспорт кўламини Европа мамлакатлари ҳисобига кенгайтириш ҳаракатидаман.
Мухтасар айтганда, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти мамлакатимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини қўллаб-қувватлаш билан бирга, тадбиркорлар учун барча тармоқларда асосий молиявий ҳамкор бўлиб келмоқда. Фарғона вилоятида хизматлар соҳасида сўнгги уч-тўрт йилда эришилган натижалар ҳам бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Хусусан, 2021-2024 йиллар давомида вилоятда хизматлар ҳажми икки баробарга ўсиб, бу борадаги кўрсаткичлар 47,3 триллион сўмдан 91,3 триллион сўмга етди.
Айни жараёнда Ўзмиллийбанк Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида тадбиркорлар фаолиятини фаол қўллаб-қувватлаш орқали улар билан ҳамкорликка доимо тайёр. Шу боис истиқболли бизнес режа, эзгу ташаббус ҳамда мукаммал лойиҳалар учун банк ўз хизматларини таклиф этишдан ва ишончли мижозлари билан эртанги кун истиқболи йўлида биргаликда дадил қадам ташлашдан мамнун. Зеро, барчамизнинг мақсадларимиз муштарак, у ҳам бўлса, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти, мамлакатимиз иқтисодиёти ҳар жиҳатдан юксалиши учун хизматда астойдил камарбаста бўлишдир.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати