Мамлакатимизда кичик бизнес тармоғи кундан кунга ривожланиб бормоқда. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳаси ва ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳудудларнинг иқтисодий инфраструктураси ҳамда аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йили деб эълон қилишлари замирида ҳам республикамизда мазкур йўналишни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсади мужассам. “Ўзмиллийбанк” АЖ эса бу борада тадбиркорларнинг ишончли молиявий ҳамкори бўлиб келмоқда.

Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатаётган тадбиркор Асфандиёр Соатов “Ўзмиллийбанк” АЖ Қарши Амалиёт БХМдан 1,2 миллиард сўм кредит олиб Ғузор туманида бир қатор лойиҳаларни ишга туширди. Натижада 20 га яқин киши иш билан таъминланди.
– Лойиҳанинг умумий қиймати 2,4 миллиард сўм, – дейди ишбилармон Асфандиёр Соатов. – Лойиҳани амалга ошириш учун банкдан 1,2 миллиард сўм кредит олдик. Қурган уч қаватли биномизда савдо-сотиқ, ресторан, меҳмонхона ва ўқув маркази фаолияти ташкил этилди. Бу ҳали режаларимизнинг дебочаси. “Ўзмиллийбанк” АЖ билан ҳамкорликда хизматлар соҳасининг яна бир қатор йўналишларида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Хусусан, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳамизни банкка тақдим этиш арафасидамиз.

Айтиш жоиз, тадбиркор томонидан ташкил этилган ихчам меҳмонхона 20 ўринга мўлжалланган бўлиб, шунга мос равишда замонавий шароитлар асосида интерьерлар қилинган. 300 ўринга мўлжалланган ресторанда миллий ва Европа таомлари тайёрланиб, тўй ва банкет заллари учун алоҳида жойлар мавжуд. Шунингдек, бинонинг 2-қаватидан ўрин олган ўқув марказида малакали ўқитувчилар аниқ фанлар билан бир қаторда, хорижий тилларни ўргатиб, ўқувчиларни Олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган мактабларга тайёрлайди.

Яна бир тадбиркор Феруза Очилова Қарши шаҳрида компьютер хизматлари марказини ташкил этиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ Қарши Амалиёт БХМнинг 1,1 миллиард сўм кредит маблағидан фойдаланди.
–Мазкур лойиҳага банкдан олинган 1,1 миллиард сўм ва ўз ҳисобимдан 900 миллион сўм маблағ сарфланди, – дейди Феруза Очилова. – Натижада компьютер хизматлари маркази ташкил этилди. Ҳозирда мазкур муассасамизда 10 киши ишламоқда. Ишни яқинда бошладик. Шу боис лойиҳамизни янада кенгайтириш ва фаолиятимизни ривожлантириш учун банк билан ҳамкорлигимизни давом эттирамиз.

Тадбиркор янги йилда янги режа ва лойиҳалар билан фаолиятини давом эттириш истагида. Асосий мақсад, хизмат кўрсатиш тармоғини ҳудудда янада ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшиш ва ёш мутахассисларни иш билан таъминлашдан иборат. Доимий иш ўрни фақат моддий даромад топиш манбаигина эмас. Бу инсоннинг ҳаётига мазмун бағишлайди, қолаверса, уни ва оила аъзоларини янги режалар ҳамда мақсадлар сари бошлайди. Шу жиҳатдан олганда 2023 йилда Касби тумани марказида "Naxshab Tex Group" масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий тикувчилик корхонасининг ишга туширилиши юзлаб маҳаллий хотин-қизлар учун айни муддао бўлди. Умумий қиймати 22,3 миллиард сўмни ташкил этган ушбу корхонада замонавий технологиялар асосида йилига қарийб 5,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

– Корхонамизнинг асосий таъсисчиси "Sulton Tex Group" компанияси ҳисобланади, – дейди "Naxshab Tex Group" МЧЖ раҳбари Ёрқин Авлаёров. – Бу компания текстил саноатида катта тажрибага эга бўлгани учун ҳам ишни йўлга қўйишда деярли қийинчиликларга дуч келганимиз йўқ. Корхонага эса асосан ҳудуддаги "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Темир дафтар"га киритилган ишсиз хотин-қизларни маҳаллалар тавсияси асосида ишга олдик. Улар ишни қисқа муддатда ўзлаштириб олди. Ҳозир бу хотин-қизлар тайёрлаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилмоқда. Ҳозирда корхонамизда 200 дан ортиқ ходимлар фаолият олиб боради. Мақсадимиз текстил саноатини вилоят миқёсида янада ривожлантириш ва Ўзмиллийбанк билан ҳамкорлигимизни давом эттиришдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, бугун ҳудудларда тадбиркорлар томонидан қулай ва самарали бўлган лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Ўзмиллийбанк” АЖ эса бу борада ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилишга ва уларни молиявий қўллаб-қувватлашга доимо тайёр.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати