“Ўзбекистон – 2030” стратегияси Ватанимизнинг истиқболдаги ривожланиши жараёнидаги янги режа ва истиқболларни белгилаб бериши, янгиланаётган мамлакатимизнинг янада тараққий топиши учун устувор вазифаларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
“Ўзмиллийбанк” AЖда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, мамлакат равнақи йўлидаги улкан аҳамияти ҳамда бу жараёнда банкларнинг иштироки ва ролига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази мутасаддилари, сенаторлар, экспертлар, шунингдек, банк ходимлари қатнашиб, мавзуси доирасида муҳокама олиб борилди.
[gallery-18296]
Таъкидлаш жоиз, мазкур ҳужжат келгуси 7 йилда Ўзбекистоннинг асосий ривожланиш йўналишларини белгиловчи муҳим дастур ҳисобланиб, унда 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсадга эришиш кўзда тутилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида турли соҳалардаги ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларининг такомиллаштирилиши, экологик барқарорликни таъминлаш ва давлат бошқарувини замонавийлаштириш каби йўналишлардаги вазифалар аниқ, тизимли белгиланган. Албатта, бу жараёнда молия муассасалари қатори тижорат банкларининг ҳам ўзига хос улуши бор. Давра суҳбатида айнан ана шу жиҳатлар ва “Ўзмиллийбанк” АЖнинг иқтисодий барқарорликни таъминлашдаги стратегик мақсадлари бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа ва истиқболли ташаббуслар аҳамияти борасида сўз юритилди.
– Мазкур стратегияда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ташаббуслар аниқ мақсадлар қаторида кўрсатилган, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Бу албатта Ўзбекистоннинг мамлакат ичкарисида ҳам, унинг ташқарисида ҳам мақсадлари очиқлиги, ошкоралиги, ишончли ҳамкор, ишончли майдон сифатида мавжудлигини таъминлайди. Чунки давлатимиз билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатаман, инвестиция киритаман, деган чет эллик инвесторлар шубҳасиз бу режаларга синчковлик билан қарайди. Шу маънода ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Ўзбекистоннинг мақсад-муддаоларини намоён этадиган муҳим ҳужжат саналади. Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида банкларнинг роли, улар томонидан йўналтирилаётган молиялаштириш манбалари, банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга эътибор қаратиш ва тизимни янада такомиллаштириш масалалари ўрин олган. Бугунги учрашувимизда ҳам айнан ана шу жиҳатлар борасида фикр алмашдик, бу борада халқаро тажрибаларнинг зарурати ва янги лойиҳаларни амалга оширишда ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасидаги таклифларни ўргандик.
Шунингдек, давра суҳбатида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ҳам “Ўзбекистон — 2030” стратегияси мамлакатимиз ҳаёти, келажаги, тараққиёти, унинг жаҳон миқёсидаги обрўсининг юксалишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Қайд этиш керак, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида банк-молия тизимида йиллик кредитлар ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, банк омонатлари ҳажмини 4 баробар ошириш, банкларга халқаро тан олинган стандартлар ва талабларни жорий этиш орқали меъёр ва назорат базаларини такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланган, – деди Эркин Гадоев -Шу билан бирга банкларни хусусийлаштириш ва давлат ихтиёрида 3-4 та банкни сақлаб қолиш, банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкларини жалб этиш, камида 3 та тижорат банкида Ислом молиясининг мезон ва тартибларини жорий этиш вазифаси белгиланган.
Замонавий ривожланишнинг муҳим омилларидан бири, бу гендер тенгликни таъминлаш ва шу орқали давлат муассасаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий мавқейини ошириш ҳисобланади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маъруфова ҳам тўхталиб, банк тизимида тобора ортиб бораётган хотин-қизларнинг давлат ва жамият ривожидаги ўрнини таҳлил қилди.
Бир сўз билан айтганда, стратегия халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадларига хизмат қилиши билан долзарбдир.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА