“Ўзмиллийбанк” АЖ: монополияга қарши комплаенс
Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунга биноан фаолиятининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиш хатарини олдини олиш мақсадида, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъекти ҳамда охирги уч йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахсларда монополияга қарши комплаенс тизими мажбурий тартибда жорий этиши белгиланган.
Шунга мувофиқ бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” АЖда Банкнинг 2024 йил 4 апрелдаги буйруғига асосан, монополияга қарши комплаенс тизими функциясини ўз ичига олган “Комплаенс таваккалчилиги блоки” фаолият олиб бормоқда. Натижада тизимда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузилиш хавфларини камайтириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ундаги вазифаларни амалга оширадиган чора-тадбирлар, амалга ошириш механизми ва босқичлари, муддати ҳамда масъул ижрочилар белгилаб берилди. Шунингдек, монополияга қарши комплаенс тизимини ташкил этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамиятида монополияга қарши комплаенс тизимини ташкил этиш тўғрисида Низом ишлаб чиқилди ва 2024 йил 28 майда Банк Бошқаруви қарори билан тасдиқланиб, рўйхатга олинди. Мазкур Низомга асосан монополияга қарши комплаенс тизимининг асосий вазифалари тасдиқланди.
— Мазкур Низомга асосан,— дейди Комплаенс таваккалчилиги блоки бошлиғи Садриддин Нурқулов - рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг эҳтимолий бузилиш таваккалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш ҳамда уни бошқариш; банк фаолиятининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таъминлаш ва мониторинг қилиш, банк фаолиятида рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг ҳамда уларнинг раҳбарлар томонидан ўз вазифаларини бажариш жараёнида рақобатга зид хатти-ҳаракатлар амалга оширилишининг олдини олиш, банкда монополияга қарши комплаенс тизимини ишлаш самарадорлигини баҳолаш ва таъминлаш, банк ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларида рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш ва мунтазам равишда ушбу йўналиш бўйича уларнинг малакасини ошириш юзасидан ўқитиш йўли билан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига доир фикрларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан давлат органларида ташкил этилган мазкур тизим фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида қарорларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенгроқ тушунтириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан яқиндан мулоқот қилиш, рақобатга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, келгусида қонунбузилиш ҳолатларининг барвақт олдини олишда самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида очиқ мулоқот ҳамда ўқув машғулотлари ташкил этилди. Унда Банкнинг “Комплаенс таваккалчилиги блоки” ходимлари иштирок этиб, малака ҳамда кўникмаларини оширдилар ва сертификатга эга бўлдилар.
Айни пайтда Банкда мазкур йўналишда самарали фаолият олиб борилиши билан бир қаторда, монополияга қарши комплаенс масалалари бўйича мунтазам равишда тренинглар ҳам ташкил этилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати