“Ўзмиллийбанк” АЖ: мижозлар манфаати доимо устун
Мамлакатимизнинг янги иқтисодий ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, хизматлар соҳаси мамлакат иқтисодий ўсиши, арзон иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатда меҳнат унумдорлигини ва инсон капиталини ошириш, халқаро савдони кенгайтириш имкониятлари ҳам хизматлар соҳаси ривожини талаб қилади. Шу ўринда рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, айни пайтда мамлакатимизда ЯИМ ҳажмининг 38 фоизи, жами корхоналарнинг 60 фоизи, жами банд аҳолининг 50 фоиздан ортиғи хизматлар соҳасига тўғри келади.
Жумладан, ўтган 2021 йилнинг ўзида соҳа ривожи учун ҳукуматимиз томонидан қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Президентимизнинг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида” ги қарорида хизматлар соҳасини муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш белгиланди. Мазкур қарор ижроси доирасида хизматлар соҳасининг жойлардаги ривожланиш жараёнини “Ўзмиллийбанк” АЖ Қашқадарё вилояти филиали фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Қашқадарё вилояти филиали 1992 йил 3 августда ташкил топган бўлиб, шу кунга қадар Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларида фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, Қарши, Ғузор, Шаҳрисабз ва Муборак туманларида банкнинг 4 та филиали ва Нишон туманида Банк хизматлари маркази (БХМ) аҳолига сифатли банк хизматларини тақдим этмоқда.
[gallery-7050]
Мазкур филиаллар ва БХМ томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан Қашқадарё вилоятида катта майдонларда интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, умумий овқатланиш масканлари ташкил топди. 2021 йилда тармоқлар бўйича таҳлил қилинганда саноат соҳасида - 466,3 миллиард сўмлик 29 та, қишлоқ хўжалигида – 354,3 миллиард сўмлик 17 та, хизмат кўрсатишда - 109,2 миллиард сўмлик 139 та лойиҳалар амалиётга тадбиқ этилган.
Ушбу тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари ажратилиши натижасида 2 минг 296 та янги иш ўрни яратилган.
– Мижозлар манфаатини доимо устун қўйганмиз. Ҳозирги кунда филиалимиз томонидан жами 272,8 мингта мижозга хизмат кўрсатилади, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Қашқадарё вилояти филиали Банк тармоқлари ва сервисни ривожлантириш бўйича катта менежери Фаридун Анваров. – Шундан 257,1 мингтаси жисмоний шахслар ва 15,7 мингтаси юридик шахслар ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг жами депозит қўйилмалари 59,5 миллиард сўмни ташкил этади. Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 18 та банкомат, 18 та инфокиоска, 1822 та савдо терминаллари дислокация қилинган. Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайликлар яратиш мақсадида вилоят ҳудудида 4 та валюта айирбошлаш шаҳобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 3 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шахобчаси (банкомат) шаҳар ва туман фуқароларига ҳамда ташриф буюрган меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.
Банкнинг филиалида замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатилишига алоҳида аҳамият қаратилган. Банк мижозларининг 54 фоизи масофадан бошқариладиган банк хизматларидан фойдаланмоқда. Бунда ҳисоб рақамларда банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда хар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш амалиётлари, хорижий валюталарда конверсион амалиётлар, пул ўтказмалари каби банк хизматларидан масофадан фойдаланиш мумкин.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.