Мулоҳаза
Замонамизда кино ва сериаллар нафақат кўнгилочар маҳсулот, балки ижтимоий онгни шакллантирувчи кучли воситага айланган. Улар орқали томошабинлар фақатгина вақтни мазмунли ўтказмай, балки тарих, маънавият ва ҳаётий қадриятлар ҳақида сабоқ ҳам олади. Бугунги кунда турли мавзуларда суратга олинаётган кино-сериаллар – ижтимоий муносабатлардан тортиб, тарихий воқеаларгача оммани ўзига жалб қилмоқда. Бироқ, бу соҳада икки йўналиш яққол ажралиб туради: бири ижтимоий-маиший мавзулар, хусусан, қайнона ва келин, эр-хотин муаммоларини ёритадиган сериаллар бўлса, иккинчиси эса миллий маънавият, тарих ва буюк аждодлар ҳаётини акс эттирувчи бадиий асарлардир.
Ўзбек кино-сериалларининг аксарияти бугунги кундаги ижтимоий ҳаётни акс эттиради. Айниқса, оила аъзоларининг бир-бирига конфликтлари, хиёнат ва келишмовчиликлар каби мавзулар асосий йўналишга айланган. Албатта, бу каби сериаллар муайян аудиториянинг муаммоларига эътибор қаратади, лекин уларнинг кўп ҳолларда драматик ифодаланиши томошабиннинг дидини бир ёқлама шакллантириб, стереотипларни мустаҳкамлаб қўйиши мумкин.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда миллий кино ва сериал саноатида ижобий ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, маърифатпарвар бобокалонларимиз – Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исъҳоқхон Ибрат каби буюк сиймолар ҳаёти асосида яратилган бадиий фильмлар, ҳужжатли лавҳалар томошабинни тарихга юз тутишга чорламоқда. Бу каби асарлар нафақат эстетик завқ, балки маънавий тарбия ҳам беради. Айни шу жиҳат сериал санъатининг энг муҳим фазилатларидан биридир – у ўтмишни замонавий ифода воситалари орқали ҳаётга қайтаради.
Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида суратга олинган “Мендирман Жалолиддин” сериали бу борада алоҳида эътиборга лойиқ. Сериал буюк давлат арбоби ва саркарда – Жалолиддин Мангуберди образини марказга олиб, унинг шахсий ҳаёти ва тарихий қаҳрамонликларини бадиий асосда намоён этишга уринган. Сериал Жалолиддин Мангуберди ҳаётига асосланган бўлса-да, ундаги воқеалар тўлиқ тарихий манбалар асосида эмас, балки бадиий тафаккур асосида қайта талқин қилинган. Сериал ёшлар орасида тарихга қизиқишни оширди, Жалолиддин Мангуберди каби қаҳрамонларни танишга, уларга эргашишга ундади. Шу билан бирга, у тарихий меросни кино санъати орқали тарғиб қилишда қандай имкониятлар борлигини кўрсатиб берди.
Этник келиб чиқиши ва тарихи бизга жуда яқин Туркия тарихий кино-сериаллар соҳасида бугунги кунда етакчилик қиляпти. Жумладан, “Эртугрул”, “Муҳташам юз йил” ёки “Кўсем” каби тарихий сериаллар ҳам юрт ўтмишини бўёқли, бадиий ва қизиқарли тарзда томошабинга етказиш орқали миллий ўзлик мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бу сериалларда реал тарихий шахслар, сиёсий воқеалар, маданий қадриятлар ва ижтимоий муаммолар ўз аксини топган. Натижада ёш авлод тарихни фактлардан эмас, ҳиссиёт ва образлар орқали ёдда сақлайди. Бунга тарихни ўрганишнинг янги педагогик усули сифатида қарашимиз мумкин.
Бу каби сериалларнинг фойдаси икки йўналишда намоён бўлади: биринчидан, улар томошабиннинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилади. Иккинчидан эса, бадиий асар бўлишига қарамай, маълум даражада маънавий, тарихий ва ижтимоий билимлар билан бойитади. Бугунги рақамли ахборот оқими фонида айнан сериаллар воситасида ёшларимизга тарихни, қадриятни, тил ва маданиятни етказиш самарали усуллардан бири.
Ҳали-ҳануз кўнгил тубида қолиб кетган тарихлар, ҳақиқатни айта олмай кетган аждодлар ҳақида бадиий асарлар етарли эмас. Айнан шундай оғриқли ва ҳақиқатга бой тарихлардан бири – Германияда таҳсил олиб, кейинчалик қатағон қурбони бўлган ўзбек талабалари тақдиридир. Улар нафақат илм-фан соҳаларида, балки сиёсий тафаккурда, дунёқарашда ҳам юксак салоҳият соҳиблари эди. Афсуски, уларнинг аксарияти ватанга қайтгач, даҳшатли қатағон йилларида “халқ душмани” деган туҳмат билан отиб ташланган ёки сургун қилинган.
Уларнинг номлари, асарлари, ҳаёти бугун ҳам кенг жамоатчиликка етарлича таниш эмас. Агар биз бу каби аждодларимиз ҳаётини кино-сериалларда қайта жонлантирсак, миллат қаҳрамонларига муносиб ҳурмат кўрсатган, ёшларга тарихий хотира, миллий ғурур, ватанпарварлик туйғусини сингдира олган бўлардик.
Миллий кино ва сериаллар бу миллий хотирамизнинг аксидир. Унинг ёрдами билан биз кечаги кунни эслаймиз, бугунги авлодга сабоқ берамиз ва эртанги кунимизни барпо қиламиз. Германияда илм излаб, Ватан учун орзу қилган, аммо душман сифатида қаралиб, қатағон қилинган ёшлар ҳақида сериал яратиш — бу биргина санъат намунаси эмас, балки миллат олдидаги бурчни адо этишдир. Бу каби ҳаёти ибрат бўладиган шахслар тарихимизда саноқсиз. Уларнинг ҳар бири алоҳида намуна бўлиб хизмат қилади. Биз бу шахсларни фақатгина китоб ва тарихга муҳрламасдан, замонавий кино, сериаллар ва театрлар орқали қайта яшатган бўлардик.
Шу боис, миллий сериаллар яратишда муаллифлар ва режиссёрлар бир саволга жавоб излаши лозим: бу асар томошабиннинг дунёқараши ва маънавияти учун фойдали бўладими? Агар ушбу мезон асосида иш юритилса, сериаллар нафақат оммабоп, балки ижтимоий фойдали, маданий ва тарбиявий жиҳатдан қадрли санъат намуналарига айланиши шубҳасиз.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА