Мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч саналган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бугунги кунда энг кўп сонли аъзолар ва тарафдорларига эга бўлган, фаровон ҳаётни таъминлашда етакчи партияга айлана олди.
Партиямиз жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида фаол ва муносиб иштирок этди. Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланганларнинг энг кўп квота ўрни айнан O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган номзодлар ҳиссасига тўғри келганлигини қайд этиш лозим.
Келгуси беш йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш бўйича барча зарурий чораларни кўриш, давлат улуши мавжуд корхоналар сонини олти баробарга камайтириш, шунингдек, давлат харидларида шаффофликни ошириш ва унда кичик бизнес иштирокини янада кенгайтириш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунни изчил такомиллаштириш бўйича ўз ташаббус ва таклифларини бермоқда.
Мазкур ташаббусларнинг татбиқ этилиши миллий иқтисодиётда давлатнинг таъсирини камайтириб, бозор муносабатларига асосланган соф рақобат муҳитини яратишга имкон беради. Шу каби эзгу мақсадлар йўлида O‘zLiDeP халқимиз билан бирга “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва сайловолди дастурини амалга ошириш, юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, инсон қадри эъзозланадиган янги давлат, янги жамият барпо этишга қаратилган хайрли ишларни давом эттиради.
Биз учун энг муҳими: ваъда эмас – натижа, эртага эмас – бугун! Гарчи тадбиркорларнинг ҳуқуқий муҳофазаси тобора кучаяётган бўлса-да, амалиётда мансабдор шахсларнинг бизнес фаолиятига аралашуви, ишбилармонларни турли харажатлар қилишга мажбур қилиш, тадбиркор моддий-техник ресурсларидан шахсий ёки давлат манфаати учун фойдаланиш ҳолатлари таассуфки, учраб турибди. Шуни ҳисобга олиб, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун амалдорларнинг жиноий жавобгарлигини кучайтириш устувор мақсадларимиздан бўлиб қолаверади.
Солижон Мўминов,
O‘zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА