ЎзЛиДеП фаолиятида янги босқич бошланмоқда
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида ЎзЛиДеПнинг жорий йил декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги Конгрессига тайёргарлик ишлари олдидан партия ташкилотининг конференцияси бўлиб ўтди.
Унда партиянинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда делегатлари иштирок этди.
Конференцияда партиянинг келгуси фаолияти, устувор вазифалари ва янги сиёсий Дастурини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришларга замин яратмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар сиёсий партиялар олдига ҳам замон талабларига мос янги вазифаларни қўймоқда.
Навбатдаги Конгресс кун тартибидан партия фаолиятининг бир қатор муҳим йўналишларини такомиллаштиришга қаратилган масалалар ўрин олган. Жумладан, партиянинг мафкуравий қарашларини давр талабларига мувофиқ такомиллаштириш асосий масалалардан биридир. ЎзЛиДеП ташкил топганидан буён либерал ғоялар, тадбиркорлик, хусусий мулк ва мулкдорлар манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб келмоқда. Бугунги кенг кўламли ўзгаришлар эса ушбу мафкуравий асосларни сақлаган ҳолда партиянинг ижтимоий қамровини кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Партиянинг янги сиёсий Дастурини ишлаб чиқиш ҳам бугунги асосий вазифалардан бирига айланган. Дастурда мамлакатимиздаги ислоҳотлар суръати, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллани ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш каби устувор масалалар ўз аксини топиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, жамиятнинг кенг қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги ташаббуслар ҳам дастурдан ўрин олади. Дастурни шакллантиришда партиянинг қуйи бўғинлари, депутатлар, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар ва хотин-қизларнинг таклифларига таянилаётгани ҳужжатнинг ҳаётийлиги ва амалий аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
[gallery-32712]
Шунингдек, ҳудудий партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш, жойлардаги муаммоларни тегишли ижро ҳокимияти органлари олдига қўйиш ва уларнинг ечими устидан депутатлик назоратини кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Конференцияда навбатдаги Конгрессда иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари