Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги глобал миқёсда энг долзарб муаммолардан бирига айланмоқда. Инфляция, иқлим ўзгариши ва геосиёсий можаролар оқибатида дунё аҳолисининг катта қисми озиқ-овқат маҳсулотларига етарли даражада эга эмас. Бундай вазиятда глобал очлик инқирозини ҳал қилиш зарурати кун тартибига чиқмоқда. Ушбу муаммонинг турли жиҳатлари, жумладан нарх ошиши, ресурс етишмаслиги ва бошқа ҳолатлар мавжуд хавотирни кучайтиради.
Инфляция ва озиқ-овқат нархи ўсиши қандай хавф туғдиради?
Жаҳон бўйлаб кузатилаётган инфляция даражаси ошиши озиқ-овқат нархи кескин кўтарилишига олиб келмоқда. Натижада миллионлаб одамларнинг егулик сотиб олиш имконияти чекланяпти. Бу жараён танқислик, очлик ва қашшоқликни чуқурлаштиради, нафақат инсонлар турмуш даражаси, балки давлатлар иқтисодий барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотига кўра, инфляция ва озиқ-овқат нархи ошиши оқибатида 828 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланмаяпти. Айниқса Африка ва Жануби-Шарқий Осиё давлатларида вазият жуда оғир.
Иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсири
Озиқ-овқат хавфсизлиги яна бир муҳим омил – иқлим ўзгариши билан бевосита боғлиқ. Глобал иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги соҳасига мислсиз салбий таъсир кўрсатяпти. Қурғоқчилик, сув камайиши ва фавқулодда об-ҳаво шароити ҳосилдорликни пасайтириб, таъминотда узилиш келтириб чиқаради.
Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган мамлакатларда ҳосил камайиши нарх ошишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат ўз-ўзидан глобал озиқ-овқат занжирини заифлаштиради.
Геосиёсий беқарорлик: озиқ-овқат таъминотидаги глобал узилиш
Геосиёсий можаролар озиқ-овқат хавфини юзага чиқарадиган асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Узоқ муддатли урушлар ва сиёсий беқарорлик оқибатида маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт жараёни мураккаблашмоқда. Халқаро савдо йўлидаги тўсиқлар ва таъминот занжири узилиши глобал озиқ-овқат бозори барқарорлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Халқаро саъй-ҳаракат: озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги қадамлар
Глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда халқаро ташкилотлар муҳим ўрин тутади. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) айни йўналишдаги энг йирик ва фаол тузилмалардан бири ҳисобланади. 2020 йил тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган WFP 80 га яқин мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилигини бартараф этишга кўмаклашади. 2021 йил тахминан 128 миллион кишига ёрдам берган.
Жаҳон банки ҳам мазкур йўналишда муҳим лойиҳаларни йўлга қўйиб, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун қишлоқ хўжалигига инвестиция киритиш, қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш учун технология янгиликларини жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. Масалан, 2020 йилда бошланган “Глобал қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги дастури” доирасида ривожланаётган мамлакатларга 1,5 миллиард доллар молиявий кўмак ажратилди.
Бундан ташқари FAO (Food and agriculture organization) ҳам етакчи халқаро ташкилот сифатида глобал даражада барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қашшоқликни камайтириш ва озиқ-овқат етишмовчилигига қарши курашиш учун қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ташкилот маълумотига кўра, 2030 йилгача дунё бўйлаб очликни бартараф этиш мақсадида ҳар йили қишлоқ хўжалигига 180 миллиард доллар сармоя киритиш лозим.
Янги технологиялар жорий этиш ҳам халқаро ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, соҳани рақамлаштириш, ақлли қишлоқ хўжалиги технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали ҳосилдорликни оширишга йўналтирилган. Масалан, WFP ва FAO сунъий йўлдош ёрдамида ҳосил мониторингини олиб бориш, қурғоқчилик ва об-ҳаво шароитини кузатиш учун тизим яратиб, инновацияни ривожлантирмоқда. Бу жараён ишлаб чиқаришда ресурсларни самарали бошқариш имконини беради ва таъминот барқарорлигини сақлайди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар
Ўзбекистон учун ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим стратегик масала бўлиб, сўнгги йилларда айни йўналишда қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. 2020-2030 йилларга мўлжалланган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида озиқ-овқат маҳсулотларини барқарор таъминотини шакллантириш ва нархни назорат қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилди. Тегишли лойиҳаларга 25 триллион сўм ажратилди. Технологик янгилик ва ресурслардан тежамкор фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пахта якка ҳокимлиги сиёсатидан воз кечилиб, ерларни самарали бошқариш ва ҳосилдор экинлар етиштириш устувор вазифа этиб белгиланди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва етказиб бериш тизимини яхшилаш мақсадида 2022 йил 19 минг тонналик янги совутгичлар ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилди. Иқлим ўзгаришига мослашиш учун сув тежайдиган технологиялар жорий қилинди. Жумладан, 2022-2023 йилларда 500 минг гектар ер майдонида томчилатиб суғориш тизими ишга туширилди.
Бундан ташқари агрологистика марказлари сони 2023 йил 20 тага етказилди. Бу марказлар маҳсулотни сақлаш ва бозорга самарали етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва экспорти тартибга солинди. 2022 йил охирига келиб, Ўзбекистон дунё бозорига 1 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги мева ва сабзавот чиқарди. Озиқ-овқат нархи барқарорлигини таъминлаш учун ўтган йил махсус давлат назорати кучайтирилди.
Мазкур ўзгаришлар озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш йўлида ташланган муҳим қадамлар бўлиб, мамлакатда айни йўналишдаги ислоҳотлар давом эттирилмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлигида барқарор ривожланиш йўллари
Бутун дунё олдида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳали кўп вазифалар турибди. Янги технологияларни жорий этиш, экологик тоза қишлоқ хўжалиги усулларини кенг жорий қилиш ва ресурслардан самарали фойдаланиш келажакда ишлаб чиқариш тизими барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу билан бирга глобал ҳамкорликни кучайтириш, халқаро бозорларни барқарорлаштириш ва савдо занжирларини мустаҳкамлаш орқали озиқ-овқат нархини назорат қилиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Жаҳон миқёсида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мунтазам тажриба алмашиш бу борада муҳим роль ўйнайди.
Азизбек Наҳанов, ЎзА