Бозорларимизда харидор ва сотувчилар учун яратилаётган қулайлик ва шарт-шароитлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Шунга мос тарзда маҳсулотларни сақлаш, санитар ва гигиеник тозаликни таъминлаш ҳам доимий эътиборда бўлиши лозим. Хўш, бугун ушбу талабларга ҳамма жойда ҳам риоя қилиняптими?
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи билан ҳамкорликда Янгиариқ ва Хива туманларида назорат тадбирларини ўтказди.
Бозор ва шохобчаларда номаълум шароитларда тайёрланган, сифати ва ҳавфсизлигини таъминловчи ҳужжатларга эга бўлмаган маҳсулотларни сотмаслик, ветеринария-санитария қоидаларига риоя этган ҳолда фаолият юритиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
– Тадбир давомида иккита тумандаги деҳқон бозорларида аҳоли орасида санитария- эпидемиологик вазиятни яхшилаш, юқумли касалликларнинг тарқалишини олдини олиш шунингдек, гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг бозор ҳудудларида харидорларга сотилишида ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиниши бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилди, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Мақсуд Наврўзов. – Профилактик суҳбатлар давомида сотувчиларга айниган ва сифатсиз маҳсулотларни сотмаслик лозимлиги тушунтирилиб, акс ҳолда қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Таъкидлаш лозим, тегишли идоралар томонидан вилоятга кириб келаётган гўшт маҳсулотлари устидан назорат тадбирлари кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.
Жумладан, Урганч туманида жойлашган “Чолиш” блок-постида шу туманда яшовчи фуқарога тегишли бўлган “Matiz” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, салонда антисанитария ҳолатидаги, хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, келиб чиқиши номаълум бўлган 75 кг гўшт маҳсулоти борлиги аниқланган. Унинг сифатини аниқлаш мақсадида таҳлиллар ўтказилди. Мутахассислар хулосасига асосан, ушбу гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқсиз деб топилиб, белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Жойларда бу каби назорат-профилактика тадбирлари давом этмоқда.
Жараёнда карантин ва санитария қоидаларини тарғиб қилиш бўйича 139 маротаба оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш, савдо ходимлари билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилган.
Бироқ олиб борилаётган санитар-профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишларига қарамасдан жойлардаги деҳқон бозорларининг санитария аҳволи, сотувчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан турли жой ва шароитларда савдо қилиш, сотувчи ва харидорларга шарт- шароитлар яратиб бериш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани таъбни хира қилади.
Шунингдек, шаҳар-туманларда қассоблар томонидан уй шароитида турли хил касалликларга чалинган ҳайвонларни яширин равишда сўйиб, гўштини аҳоли истеъмоли учун сотишга бўлган уринишларнинг учраётгани ачинарли ҳолатдир.
Шу жумладан, Бухоро шаҳар Қизилқум кўчасида яшовчи фуқаро С.Б. исмли шахс яшаш манзилида қўлбола усулда ясалган музлатгич ичида жами 543 кг. ҳайвонга мансуб гўшт маҳсулотини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, унинг истеъмолга яроқли эканлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текширувидан ўтказилганда, лабораториянинг 2023 йил 24 май кунидаги тегишли хулосасига кўра, ушбу гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланди ва “Сlaster Emir parranda”га қарашли ветеринария- санитария чиқинди заводига топширилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 27 май куни Қоракўл тумани Дарғали маҳалласида яшовчи фуқаро Т.А. га тегишли бўлган музлатгич ичидан жами 153 кг келиб чиқиши номаълум ҳайвонга мансуб гўшт лаборатория хулосаси чиққунга қадар Қоракўл туманидаги “Шофиркон Гавҳари” МЧЖга тегишли бўлган музлатгичга жойлаштирилиб, текширувлар олиб борилганда, лабораториянинг 2023 йил 1 июнь кунидаги хулосасига кўра, ушбу гўшт маҳсулоти ҳам истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йил 22 майидан 3 июнга қадар Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорларининг санитария ҳолати ўрганилиб, қатор камчиликлар аниқланган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан шаҳар-туманлар ҳокимларига тақдимномалар киритилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси барча фуқароларни ҳушёрликка чорлайди.
Ҳурматли харидорлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва гўшт маҳсулотларини харид қилаётганда ўта эҳтиёт бўлишни, маҳсулотларнинг яроқлилик муддати ва бошқа талабларга жавоб бериш -бермаслигини синчковлик билан ўрганиб, сотувчидан маҳсулотнинг санитария меъёрларига риоя қилинган ҳолда тайёрланганлиги ва сақланаётганлигини тасдиқловчи сифат сертификатни сўрашни унутманг. Огоҳ бўлинг!
А.Шокиров,
ЎзА