
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан қатор масалаларга ойдинлик киритилаётгани қайд этилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги асосий тамойиллар ва давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилмоқда.
Энг асосийси, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини тартибга солиш мустаҳкамланмоқда. Бунда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органи, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари аниқлаштирилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгиланмоқда. Вазирликка ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби қатор ваколатлар берилмоқда.
Қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ қилиб белгилаб қўйилмоқда.
Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши мамлакатдаги озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатга унификация қилиш ва тизимлаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
***
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида “Космик фаолият тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонунда космик фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилган. Шунингдек, космик соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш, космик инфратузилма ва фаолият хавфсизлиги, фаолиятни молиялаштириш асослари ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари ҳужжатда ўз аксини топган.

Қонуннинг қабул қилиниши келгусида космик фаолиятни тартибга солиш, космик фаолият натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мажлисда “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди. Унда стратегик лойиҳаларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини халқаро қабул қилинган нормаларга мослаштириш мақсадида стратегик экологик баҳолаш тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида хорижий инвестор ва тадбиркорлар учун ишончли, шаффоф экологик баҳолаш тизими яратилади. Давлат экологик экспертизаси объектлари, стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилишда давлат ва жамоатчиликнинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий манфаатлари кўриб чиқилиши таъминланади.
Бундан ташқари, “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди. Унда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш натижасида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга оширишнинг тартибини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишининг тизимли назоратини таъминлашга эътибор қаратилган.
Қонунинг қабул қилиниши мамлакатимизда иқлим ўзгариши бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, атроф -муҳит ва экологияни яхшилаш ҳамда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш учун зарур шароит яратишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА