Қарор ва ижро
Мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аҳолига етказиб беришда уларни сақлаш долзарб ҳисобланади.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга бўлган талабни қондириш, аҳолини йил бўйи арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ташаббускорларга берилган имкониятлар хусусида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Элмурод Мамараҳимовнинг фикрларига қизиқдик.
– Маълумки, озиқ-овқатларни сақлашнинг энг самарали усули, бу сунъий совутиладиган омборхоналардир. Чунки бунда сақланаётган маҳсулотнинг вазни йўқолиши максимал асраб қолинади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари оддий омборларда сақланса вазн йўқотиши икки-уч бараваргача, сунъий совутиладиган омборларда сақланганда эса маҳсулотнинг табиий камайиши бир фоиздан ошмайди.
Мева-сабзавотлар терилгандан кейин уларни ташиш ва сақлашда муқобил шароит яратиш учун дастлаб ҳароратни тезлик билан пасайтириш талаб қилинади. Бунда совутилган ҳаво, вакуум-буғлатгич ёки совуқ сув воситасида ҳароратни пасайтириш усуллари қўлланилади. Энг кўп тарқалгани – совуқ ҳаво ёрдамида бажарилади.
Мева-сабзавотлар терилгач, қанча тез ҳарорати пасайтирилса, унинг совуқ шароитда сақланиш муддати узайиб, сифати юқори бўлади. Бу маҳсулот бузилишини секинлаштириб, сақланиш муддатини узайтиради. Натижада истеъмолчиларнинг турли талабларини қондириш ва бозорда яхши нархларда сотилишига сабаб бўлади.
Кўпгина ташаббускорларнинг кичик ҳажмли совутгичларни қуришда маблағи етишмаслиги мумкин. Аммо уларга имтиёзли кредитлар бериш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 апрелда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қарорнинг тегишли бандига кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фермер ва деҳқон хўжаликлари асосий майдонлари ва дала четларида, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш борасида 20-50 тонналик кичик ҳажмли совуткичлар барпо этиш учун 50 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилади.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада кредит ажратмоқда. Бунда кредит суммасининг 60 фоизи бўйича гаров таъминоти сифатида ўрнатиладиган совиткичли омборхоналар олиниши, 40 фоизи бўйича гаров таъминоти сифатида уларнинг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта полиси олиниши белгиланади.
Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорлигида ҳудудлардан кичик ҳажмли совуткичлар қуришга бўлган дастлабки талаб ўрганилганда, жорий йилда 850 та маҳалла фуқаролар йиғининг ҳар бирида биттадан кичик сиғимли совуткичлар қуриш истагини билдирган 850 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланган. Ушбу рўйхатга кўра, вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган манзилли дастур шакллантирилди.
Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА