Азалдан шарқда ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, иззатини жойига қўйиш доимий одат, урфга айланиб кетган. Халқимизнинг тўй-томоша, маросимларида ҳам уларга алоҳида эъзозу илтифот кўрсатилади. Меҳмондорчиликларда эса отахону онахонлар давранинг энг тўридан жой олишади. Аммо бу нарсани жамоат жойларида хусусан, автобус ва метроларда ҳамиша ҳам кўравермаймиз.
Тошкент метросида сухандоннинг бошқа гаплари қаторида “Ўзингиздан катталарга жой беринг” деган сўзи ҳам жаранглайди. Шу гапдан сўнг ёшлардан кимдир туриб, ўзидан катталарга жой беради. Кимдир эса ўзини ёлғондан ухлаганга солса, яна қайсидир ёш қўл телефонидан бошини кўтармайди. Албатта, уларни бирданига тарбиясизга чиқариш, менимча, нотўғри бўлса керак. Ахир бу ёшларнинг кўпчилиги ўқийди ёки қаердадир ишлайди. Балки кечаси билан дарс тайёрлаб чиққандир ёки ишда толиққандир? Уларга ҳам осон эмас. Ахир ҳар куни метро ёки автобусда жойлашиб ўтиргандан сўнг, яна ўрнидан туриб, кимгадир жой беришнинг ўзи бўладими? Бунинг устига йўл узоқ бўлса.
Ёшлар илтифотидан сўнг, кексаларнинг кўпчилиги раҳмат айтиб ўтирса, кўплари хижолат бўлганидан, “Раҳмат, болам. Аммо туришинг шарт эмас” дейишади. Хўш, унда нима қилиш керак? Бизнингча, метро вагонлари ва автобусларда ўриндиқларнинг камида ўнтаси ногиронлар, кексалар, ёш болалар, ҳомиладор ва болали аёллар учун ажратилиб, бу жойлар уларга тегишли эканлиги ёзиб қўйилса, яхши бўларди. Шунда ҳар хил тушунмовчиликлар, аччиқ, кесатиқли гаплар ва хижолатчиликларга ўрин қолмасди. Улар бўлмаган ёки кам пайтлари бошқалар бу жойларда бемалол ўтириб кетишлари мумкин.
Туроб НИЁЗ, ЎзА