Ижтимоий ҳимоя
Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи Мансур ака Азамов узоқ йиллар давомида қурилиш соҳасида ишлаган. 2010 йилда олган жароҳати натижасида бир оёғидан айрилди. Тушкунликка тушиб қолган Мансур акага 4 фарзанди, оиласи, қолаверса, Мирзоқул маҳалласи вакиллари кўмакчи бўлиб, унинг оёққа туриши учун далда берди.
Доимий равишда протезга муҳтож Мансур акага яқинда “Инсон” ижтимоий маркази томонидан янги ва замонавий протез берилди.
–Бу протез жуда қулай, енгил, – дейди Мансур ака. –Худди ўз оёғимдек. Протез олганимдан кейин ҳаракатланишим, ишга бориб-келишим анча осон бўлди. Ҳозир бемалол юрибман, ерда ҳам ишлайман, дарахтларга қарайман, автомашина, велосипед ҳайдайман. Ўзимни ҳеч кимдан кам ҳисобламайман.
Мансур аканинг меҳнаткашлигига ҳавас қилмай илож ёқ. Айни дамда тумандаги 9- Мусиқа ва санъат мактабида уста-сантехник вазифасида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз устахонасида чолғуларни созлаш, чилангарлик, дурадгорлик билан ҳам шуғулланади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири