Озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланди
Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигини таъминлашда инновацион технологияларни жорий этиш масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигини таъминлашда инновацион технологияларни жорий этиш масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидаги олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мутахассислар иштирок этди.
Анжуманда жорий йилнинг июнь ойида пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда Президентимиз томонидан билдирилган фикрлар, мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Мазкур йўналишдаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилаётгани таъкидланди.
Конференция шўъба мажлисларида бугунги кунда дунё миқёсида иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солувчи ва чўлланиш муаммоларининг олдини олишга қаратилган табиий, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий фанлар соҳасидаги инновацион технологиялардан фойдаланишнинг долзарб масалалари, қурғоқчил ҳудуд экотизимлари, табиат ресурсларини бошқариш, чўлланиш ва шўрланиш жараёнларини бартараф қилиш учун ер ва сувдан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳасидаги фундаментал ва амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан маърузалар тингланди. Ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.
– Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бугунги кунда глобал аҳамиятга эга бўлиб, халқаро ташкилотлар фаолияти ва давлатлараро муносабатларнинг асосий йўналишига айланди, – дейди АҚШнинг Невада университети профессори Роберт Новак. – Шундай шароитда озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида замонавий инновацион технологияларни жорий этишнинг аҳамияти катта. Самарқандда ташкил этилган мазкур конференция шу жиҳати билан эътиборли бўлди ва дунёнинг турли мамлакатларидан келган олим ва мутахассислар билан бу борада ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олдик.
Анжуман иштирокчилари Самарқанд вилоятидаги корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти билан танишди. Ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий технологиялардан фойдаланишнинг ҳолатини ўрганди.