Ўзи кичик, аммо орзулари осмон қиз
3 декабрь – Бутунжаҳон ногиронлар куни
Бу дунёда ҳеч бир инсон мукаммал яратилан эмас. Ҳамманинг ҳам бир камчилиги, кўнгли тўлмас кемтиклиги бор. Аслида инсонни инсон сифатида белгиловчи муҳим омил, кишининг тўрт мучаси соғлигида эмас, балки тоза қалбида. Атрофимизда шундай соф қалбли, дунёнинг фақат гўзал томонларини кўрувчи, эзгуликка талпинувчи ва яхшилик улашувчи инсонлар бисёр.
Статистик маълумотларга кўра бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида муайян турдаги жисмоний нуқсон мавжуд. Шундан 100 миллиондан ортиғини ёш болалар ташкил қилади. Юртимизда 3 декабрь – Бутунжаҳон ногиронлар куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Бу кунни нишонлашдан асосий мақсад ҳам бу турдаги инсонларга ёрдам қўлини чўзиш, меҳр улашиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишдан иборатдир.

Бугунги суҳбатдошимиз ҳам ўзидаги кичик нуқсонни ҳеч қачон тан олмайди. Ўзини барча инсонлар билан тенг тасаввур қилади. Ҳаёт қийинчиликлари билан мардонавор курашиб, сабр-тоқати ва иродаси билан ғалаба қозониб келаётган қаҳрамонимиз Ирода Ўрозовадир. Ўзи кичик бўлсада, дунёга теран нигоҳлар билан боқаётган Ироданинг орзу-мақсадлари, қизиқишлари, таълим жараёнлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Аввало, ўзингиз, қизиқишларингиз ҳақида суҳбатлашсак.
– Мен Ирода Ўрозова Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида туғилганман. Ҳозирда Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 8-синфида таҳсил олмоқдаман. Болаликдан жуда кўп нарсаларга қизиқаман. Қўлларим шундай кичик бўлсада, менинг қизиқишларим билан шуғулланишимга тўсқинлик қила олмайди. Шу жажжи қўлларим билан китоб ўқийман, шеър ёзаман, расм чизаман. Агар инсон чин дилдан хоҳласа, ҳаракат қилса, албатта, ўз мақсадларига эришади. Бундан ташқари мен спортнинг шахмат ва шашка тури билан ҳам шуғулланаман. Шашка спорт тури бўйича ўтказилган республика мусобақаларида 2 марта ғолибликни қўлга киритганман.

Ҳозирда ота-онамдан олисда ўқиётганим, яшаётганим сабабли ҳам уларни жуда соғинаман. Бу соғинчларим қоғозга шеър бўлиб тўкилади. Шу боисдан ҳам аксарият шеърларим ота-она ҳақида. Қолаверса, шукроналик ҳақида. Инсон ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай ҳолатда ҳам шукур қилиши лозим. 2019 йилда Москва шаҳрида “Central Asia’s Got Talent” кўрсатувида худди шундай инсонларни шукроналикка чорлайдиган шеъримни ўқиб берганман ва бу шеърим кўпчиликка манзур бўлган.
– Биласизми, бахт, соғинч ва армон каби тушунчалар бор. Уларни ҳар бир инсон ўзидан келиб чиқиб турлича тушунади. Сиз учун бу тушунчалар нималарни билдиради?
– Бахт – мен учун мана шу ёруғ дунёни кўриб турганим. Мусаффо осмон, тонг отиши, капалакларнинг гулларга қўниши каби гўзалликларни ўз кўзим билан кўра оламан, тўйиб-тўйиб нафас олиш имкониятига эгаман. Демак, мен бахтлиман. Бундай бахтдан мосуво инсонлар кам деб ўйлайсизми.
Соғинч – аслида керакли туйғу. Негаки, мен ўқиган китобларда инсонни соғинадиган кишиси бўлса, демак у бахтиёр одам дейилган. Менда шундай инсонлар бор. Улар ота-онам, бувижоним. Уларни жуда соғинаман ва бу соғинч қўлимга қалам тутишга, шеърлар машқ қилишга сабабчи бўлган.
Армон – бу ҳаётдаги ҳар бир лаҳзанинг бесамар ўтиши. Устозларим вақт жуда тез ўтади, ундан унумли фойдаланиш керак, дейишади. Мен бунга имкони борича амал қилишга ҳаракат қиламан. Куннинг биринчи қисмида мактабга борсам, иккинчи қисмида севимли тўгаракларим билан машғул бўламан. Дўстларимга, тенгдошларимга умрнинг ҳар бир лаҳзасидан оқилона фойдаланишларини, ўз келажаклари учун қаттиқ меҳнат қилишларини сўраб қолардим.
– Сиз нимадан куч оласиз, сиз учун мотивация манбаи нима?
– Мен кучни, ўзимга бўлган ишончни бувимдан оламан. У инсон мени ёшликдан тарбиялаб, ўзимга бўлган ишончни шакллантирган. Нимагаки қўл урсам, ўша ишни бажара олишимга ўзи ишонар ва мени ҳам ишонтирар эди. Шеър ёзсам, улар ҳам менга қўшилиб шеър ёзарди. Бундан ташқари устозларимнинг қўллаб-қувватлаши доимо менга куч бағишлаган. Билмаган нарсаларимни ширинсўзлик билан ўргатадилар, билим берадилар, ҳам ақлан ҳам маънан юксалишимга кўмаклашадилар. Шунингдек, синфдошларим, дўстларим доимо менга қўшқанот. Уларнинг борлигига шукур.
– Келажакдаги орзуларингиз, мақсадларингиз?
– Орзуларим жуда ҳам кўп. Орзу қилишдан чарчамайман (кўзлари қувнаб). Мен келажакда журналист бўлмоқчиман. Чунки бошқа касбларга қараганда уларда имконият катта. Халқимизни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда, уларни ёритишда фаол иштирок этишни хоҳлайман. Давлатимизга нафим тегадиган етук кадр бўлиб, ҳеч кимдан кам эмаслигимни исботламоқчиман.
Суҳбатдошимиз ўзи эндигина 15 ёшда бўлсада, ҳаёт уни катта қилиб қўйгандек гўё. Суҳбат давомида Ироданинг фикрлаши, нутқининг равонлиги, хушчақчақлиги ва ҳаётга кулиб боқиши бизни ҳайрон қолдирди. Суҳбатимиз якунида Ирода таҳсил олаётган мактабнинг амалиётчи психологи Гулноза Тўхтаевадан ҳам фикр олдик.

– Мактаб-интернатимизда ҳар соҳада иқтидорли ўқувчиларимиз талайгина. Биз ўқувчиларимиз билан бир оиладек бўлиб кетганмиз, чунки улар ўз оиласидан кўра кўп вақтини биз билан ўтказади. Мактаб-интернатимизда ҳар бир ўқувчининг эришган каттами ёки кичик ютуғи, муваффақияти биз устозлар қалбида фахр ва ғурур уйғотади. Улар жисмонан кемтикликларига қарамай интилувчан, иқтидорли. Биз улар билан доимо фахрланамиз. Улардан бири Ирода Ўрозовадир. Ирода ўзининг исмига монанд жуда иродали, сабр-тоқатли, кучли қиз. Унинг ҳаётда эришган ютуқларининг сабаби ҳам ҳар бир муаммоли вазиятларда ўзини тута олиши, тўғри хулоса қила олиши метиндек матонатидан деб биламан. Доим янгиликка интилади, ўз устида ишлайди, ҳар бир бошлаган ишига чин кўнгилдан, сидқидилдан ёндошади. Шу фазилатлари билан ҳам у бошқа ўқувчилардан ажралиб туради.
ЎзА мухбири
Файзулло Яҳёев
суҳбатлашди