Ўзгидромет: "Чанг бўрони" чекингани йўқ
Айни дамда Ўзгидромет кузатув натижаларига кўра Тошкент шаҳрида айни вақтда (20:00-21:00) ҳавонинг майда чанг зарралари (РМ 2,5) билан ифлосланиши қуйидагича:
- Юнусобод тумани “Бодомзор” йўлида –41 мкг/м3;
- Чилонзор тумани Халқлар дўстлиги майдонида –50 мкг/м3.
Хабарга кўра, ушбу ҳудудларда ҳаводаги чанг миқдори АҚИ – РМ 2,5 кўрсаткичи бўйича ҳавонинг “нозик гуруҳлар учун носоғлом” даражадаги ифлосланиш тоифасига киради.
Ўзгидромет 11 сентябрь куни учун баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача, шимол, жануб ва чўл ҳудудларда эса 21−23 м/с гача кучайиши, айрим жойларда шамол чанг-тўзон билан кузатилишини, ҳарорат +29…+32 даража бўлишини маълум қилганди.
Соат 18:30 ҳолатига кўра, IQair рейтингида дунё шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлослиги бўйича 2-ўринни эгаллади.
“Ўзгидромет” раҳбари Шерзод Хабибуллаевнинг хабар беришича, тунда ёмғир ёғиши ҳисобига чанглар босилиши ва зарарсизланиши кутилмоқда экан.
Хўш, “чанг бўронлари” шароитида нима қилиш керак?
Кўчага иложи борича камроқ чиқиш, фақат жуда зарур бўлган ҳолларда (озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон харид қилиш, тиббий ёрдам олиш учун ва бошқалар) кўчага кунига бир марта тиббий ниқоб тақиб чиқиш мумкин.
Ёши катталар, ҳомиладорлар, ёш болалар ҳамда сурункали касалликлардан азият чекаётганлар, жумладан, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари, юрак қон-томир касалликлари бор инсонлар иложи борича уйда ўтиришлари тавсия этилади.
Кўчадан уйга қайтгач қуйидаги тавсияларга амал килиш лозим:
- киришда калит, кўзойнак, телефон, сумка, устки кийим ва харидни қолдириш;
- қўлни илиқ оқар сувда совунлаб ювиш; унгача қўлни юз-кўзларга теккизмаслик;
- душ қабул қилиш (алабатта сочни ва юз-кўзларни яхшилаб ювиш);
- калит, кўзойнак, телефон ва сумкани намланган салфетка билан яхшилаб артиш;
- хариднинг турига қараб оқар сув остида ювиш (сабзавот, ҳўл мева, кўкатлар, тухум ва бошқалар);
- агар маҳсулотлар қадокланган бўлса, қадоқ юзасини намланган салфетка билан яхшилаб артиш;
- кўчага кийиб чиққан кийимларни ювиш; устки кийимларни (костюм, плащ, пальто ва бошқалар) маска таққан ҳолда ташқарида яхшилаб қоқиш.
- ним таъсир этувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни тез-тез чайиш;
- кўпроқ суюқлик (илиқ) ичиш, иложи бўлса кўк чой, наъматак дамламасини ичиш;
- ёғли, қовурилган, дудланган, тузланган, шўр, аччиқ таомларни чеклаш;
суюқ сабзавотли таомлар, сут ва сут маҳсулоталари (қатиқ, кефир ва бошқалар), кўкатларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Маълумот учун, Тошкент ҳаво сифати индексини www.iqair.com орқали онлайн текшириб туриш мумкин. Кун давомида Тошкентдаги ҳаво сифати индекси "153"гача кўтарилган ва бу кўрсатгич нафақат аллергик касаллиги бор ёки сезгир инсонлар учун, балки соғлом инсонлар учун ҳам хавфли ҳисобланади. Бундай ҳавода ўзингиз ва яқинларингизни зарарланишдан асрашни тавсия қиламиз.
М.Турдалиева ЎзА