Кадастр агентлиги Андижон вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича белгиланган ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятда ердан мақсадли фойдаланиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний иншоотлар қуриш билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан ердан ноқонуний фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний иншоотлар қуриш ҳолатлари аниқланмоқда. Ходим ва мутахассисларимиз томонидан ана шундай ҳолатларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Ана шу йўналишдаги вазифаларни сифатли бажариш мақсадида фаолиятимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, бошқарма, туман, шаҳар тизимидаги ер ва кадастр назорати инспекторларига ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва электрон ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида махсус планшетлар тақдим этилган. Бундан ташқари, эндиликда учувчисиз учиш аппаратлари, яъни дронлардан ҳам фойдаланилмоқда. Бу инспекторларнинг вақти тежалиши, иш ҳажми ва сифатининг ортишига ёрдам бермоқда.
Бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимларида ер назорати ишларини фаоллаштириш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни аниқлаш ва қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан зарур чораларни кўриш мақсадида доимий ишчи гуруҳлар тузилиб, фаолият олиб бормоқда.
Мазкур жараёнда ер назоратчи инспекторлари томонидан жойларда аниқланган ҳолатлар махсус планшетлар ёрдамида “E-yer nazorat” ахборот тизимига киритилади ва ҳолат онлайн назорат қилинади. Ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят аломати бўлса, яъни суғориладиган ерлар ўзбошимчалик билан эгалланган, у ерда ноқонуний қурилишлар қилинган тақдирда бу ҳақдаги маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида олиб борилган ер назорати тадбирларида вилоят бўйича 1 минг 54 та ҳолатда 139,8 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Ер назорати инспекторларимиз ўтказган тарғибот, тушунтириш ишлари натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг 75,2 гектар ер билан боғлиқ 753 таси ёки 71 фоизи ҳуқуқбузарлар томонидан ихтиёрий бартараф этилиб, ер майдонлари аввалги ҳолатга қайтарилди.
Берилган муддатлар ичида ихтиёрий бартараф этилмаган 173 та ҳолат юзасидан суд органларига даъво аризалар киритилган бўлса, жиноят аломатлари мавжуд бўлган 13 та ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумотлар тақдим этилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври давомида давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун 1 минг 646 та ҳолатда маъмурий баённома тузилиб, 843 та ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Президентимиз раислигида 2023 йил 27 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида республикамиз бўйича 2 миллион 400 мингдан ортиқ хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқлиги, уларнинг кадастр ҳужжати қилинса, одамларга ҳуқуқий, иқтисодий замин бўлиши таъкидланиб, ҳужжатсиз уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди.
Ана шу вазифадан келиб чиқиб, ноқонуний ўзлаштириб олинган ҳамда мазкур ерларга ўзбошимчалик билан қуриб олинган объектларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокама жараёнида турибди.
Ҳужжати йўқ уйларга кадастр ҳужжатлари қилиб бериш бошланиши ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин айрим “уддабурон”лар тезкорлик, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларга иморат қура бошлади. Улар “бу уйни 5-10 йил аввал қурганман, деб ҳужжатлаштириб оламан” дея ўйлаши натижасида ҳудудларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилиш қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Аммо “Қонун чиқса, уйимга ҳужжат қилиб оламан” деб ноқонуний қурилиш бошлаб юборганлар хато ўйлашади. Сабаби, Кадастр агентлигида ерларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича космик съёмкалар, хариталар бор. Улар ёрдамида 5-10 йил, ҳатто 20 йил ортга қайтиб текшириш ва ўрганишлар ўтказиш мумкин. Бу жараёнда улар нафақат моддий зарар кўриши, балки жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.
Сабаби биринчидан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик, у ерга ноқонуний қурилиш қилганлиги учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, қабул қилиниши кутилаётган қонунда ҳозир эгаллаб олиб, қурилиш қилинаётган биноларнинг эгалик ҳуқуқини эътироф этиш назарда тутилмаган.
Ер майдонлари ноқонуний эгаллаб олингани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197¹ ҳамда 229¹- моддаларида жиноий жавобгарлик белгиланган.
229¹-модданинг биринчи қисмига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш, бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.
229¹-модданинг иккинчи қисмида суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш– базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Ер – умуммиллий бойлигимиз. Ундан унумли, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш лозим. Юртимизда ҳар бир қарич ернинг ҳисоби бор.
Шу ўринда, юртдошларимиздан ерга оид қонунчилик талабларига қатъий амал қилишларини, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олмасликлари, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликларини сўраб қоламиз.
Фаёзиддин Бердиқулов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА