Миллий матбуот марказида Кадастр агентлиги Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан жорий йилнинг 8 ойи давомида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Сўнгги пайтларда ўзбошимча эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган уй-жойлар ҳамда уларни қонунийлаштириш масаласи долзарб мавзуга айланди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойида жами 4 минг 182 ҳолатда 995,4 гектарда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган, шундан 1 минг 116 та ҳолатда ер қонунбузилиши ҳолатлари жойининг ўзида бартараф қилинган.
Таҳлил натижалари эса жорий йилда ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилга нисбатан ортганини кўрсатмоқда. Жумладан, Бўстонлиқ туманида 161 тага, Зангиота туманида 119 тага, Янгийўл туманида 140 тага кўп ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.
Аниқланган қонунбузилишлар бўйича 172 та ҳолатда тўпланган материаллар прокуратура органларига юборилди, шундан 115 та ҳолатда ер қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
[gallery-19419]
Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилмалар қуриб олиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 1 минг 967 та ҳолатда, яъни 134 гектар ер майдонидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан судларга даъво аризалари киритилган.
Шунингдек, 102 та ерлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ҳолат бўйича ҳокимликларга тақдимномалар киритилиб, шундан 80 та ҳолатда 805 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилиши таъминланган.
Шуни таъкидлаш жоизки, айни кунларда “Ўзбошичалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни аҳоли орасида нотўғри талқин қилиниб, ерга оид ҳуқуқбузарликлар қасддан содир этилмоқда. Қонун доирасида ҳужжатларни расмийлаштириб олиш мақсадида ерларни ўзбошимча эгаллаш, ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари айниқса, пойтахтга яқин ҳудудлар, Зангиота, Янгийўл, Қибрай ва Бўстонлиқ туманларида аниқланмоқда.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Тошкент вилоятида жорий йил 1 август ҳолатига 792 мингта кўчмас мулк объектлари ҳисобга олинган. Хатлов натижаларига кўра, мазкур қонун 28 минг гектар ер майдонида қурилган 334 мингта кўчмас мулкка нисбатан татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида пойтахтимиз ҳудудида амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 2 минг 114 та ҳолатда 55,2 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, берилган ёзма кўрсатмалар асосида 862 та ҳолатда 9,2 гектар ер қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий равишда бартараф этилди. 1 минг 10 та ҳолат юзасидан суд органларига даъво аризалари киритилди.
Сергели туманида аниқланган 226 та (15 гектар) ер қонунбузилиш ҳолатидан 78 таси (1,07 гектар), Мирзо Улуғбек туманида аниқланган 218 та (3,35 гектар) ҳолатнинг 81 таси (0,73 гектар) олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқаролар томонидан ихтиёрий бартараф этилиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони аввалги ҳолатига қайтарилган.
Ҳисобот даврида Тошкент шаҳрида ерга оид ҳуқуқбузарлик содир этган 1 минг 107 нафар шахсга маъмурий жазо чоралари қўлланилди. 635 нафар шахс ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этгани сабабли жавобгарликдан озод қилинди. 345 та ҳолат бўйича маъмурий ишлар кўриб чиқилмоқда. 20 та ҳолатда маъмурий иш ҳужжатлари маъмурий чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича судлар ва бошқа ваколатли органларга юборилган.
Бугунги кунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик, умуман, мамлакатимизда ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда давлат назоратини амалга оширишда Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Э-ер назорат” автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланилмоқда.
Мазкур дастур ёрдамида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш муддати қисқарди ва идоралараро ҳужжат алмашиш тезкорлиги оширилди. У шунингдек, мутахассисларга ер ҳолатини космик суратлар ёрдамида назорат қилиб бориш, ноқонуний қурилиш ёки қурилишдаги қонунбузарликларни эрта аниқлаш имконини бермоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 март санасидан эътиборан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синов тариқасида назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Планшетдан фойдаланиб, ер қонунбузарлигини жойининг ўзида электрон расмийлаштириш ишлари йўлга қўйилди. Натижада мазкур қурилма орқали ер қонунбузарларининг шахсига аниқлик киритилиб, электрон кўринишда маъмурий баённомани ўша жойнинг ўзида расмийлаштириш имкони яратилди.
Ш.Маматуропова,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА